Президентнинг «Хавфли чиқиндиларни бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, 2027 йил 1 январдан хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи юридик шахслар экологик экспертиза хулосаси асосида хавфли чиқиндиларни бошқариш бўйича йиллик режалар ишлаб чиқади ва уларни Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бошқармалари билан келишади.
Йиллик режаларда хавфли чиқиндилар ҳажмини камайтириш, уларни қайта ишлаш улушини ошириш, хавфсиз жойлаштириш, шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлаш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш ёки кўмиш учун ихтисослашган ташкилотларга топшириш чоралари назарда тутилади.
Қарорга кўра, фойдаланишдан чиқарилган хавфли чиқиндилар сақланаётган махсус иншоотлар ва очиқ майдонлар уларни экологик қайта тиклаш учун зарур маблағлар билан бирга бепул асосда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигига ўтказилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи ташкилотлар ушбу йўналишдаги статистика ҳисоботларини йил якуни бўйича шакллантириб боради.











