Minimal компанияси жисмоний QWERTY клавиатурасига эга иккинчи авлод Minimal Phone 2 антисмартфонини тақдим этди. Янги қурилма, жумладан, 1240×1080 пикселли, 90 Гц янгиланиш частотасига эга 3,92 дюймли OLED экранга эга бўлди — у E-Ink дисплейининг ўрнини эгаллади. Корпуси эса шиша ва металлдан ишланган — биринчи версияники пластик эди.
Минимал Phone 2 — рақамли қарамликни камайтириш учун яратилган смартфон. У минималистик ёндашув туфайли чексиз скроллинг, видеолар ва кўнгилочар машғулотларни камроқ жозибадор қилиб қўяди. Ғоя оддий: телефон фойдаланувчининг диққатини доимий жалб қилиб турмасдан, мулоқот қилишга ва вазифаларни ҳал этишга ёрдам бериши керак.
Android’нинг махсус қобиғи бўлган Minimal OS’да ўз-ўзини чеклашнинг бешта варианти кўзда тутилган: экранни кулранг тусга ўтказиш, иловаларни очишдаги кечикиш, ижтимоий тармоқларни блоклаш, кунлик экран вақти чегараси ва “диққатни жамлаш соатлари”. Муҳим бир жиҳати бор: агар фойдаланувчи ўрнатилган чекловлардан бирортасини бекор қилмоқчи бўлса, смартфонни завод созламаларига қайтариши керак бўлади. Компания бу ёндашувни қурилманинг асосий хусусиятларидан бири деб билади.
Шу билан бирга, Minimal чекловлардан воз кечишнинг янада кескин усулига тўсқинлик қилмайди. Ишлаб чиқарувчи юклагични блокдан чиқариш ва бошқа прошивкаларни ўрнатишни расман тақиқламасликка ваъда бермоқда.

Бироқ бошқа прошивка ўрнатилса, эгаси Minimal OS’нинг муҳим функцияларидан бири — “матнли интерфейс”дан маҳрум бўлади. Унинг ёрдамида буйруқларни клавиатура орқали бош экрандан киритиш мумкин. Масалан, “нон сотиб ол” жумласи тегишли иловада вазифа яратади. Шу тарзда SMS юбориш, тақвимга қайдлар киритиш ва эслатмалар яратиш, қўнғироқ қилиш, иловаларни қидириш ҳамда сунъий интеллект ёрдамчиси билан мулоқот қилиш мумкин.
Қурилма самарадорлиги учун 8 ГБ LPDDR5X тезкор хотирага эга MediaTek Dimensity 8300 процессори масъул. Ички хотира сиғими — UFS стандартидаги 256 ёки 512 ГБ. Шунингдек, 50 мегапикселли асосий камера, 20 мегапикселли олд камера, 3000 мА·соат сиғимли аккумулятор ҳамда 27 Вт қувватли симли ва 15 Вт қувватли симсиз Qi зарядлаш технологияси мавжудлиги маълум қилинган. Қўшимча имкониятлар қаторига 5G, Wi-Fi 6E, Bluetooth 5.4, GPS, NFC, ёндаги бармоқ изи сканери, стереодинамиклар ва қулоқчин учун 3,5 миллиметрли улагич киради.

Minimal Phone 2 “оникс” ва “марварид” рангларида сотувга чиқарилган. Олдиндан буюртма берувчилар учун эса эксклюзив тўқ сариқ рангдаги версия мавжуд. 256 ГБ хотирали версия 599 доллар, 512 ГБ хотиралиси эса 699 доллар туради. Эксклюзив тўқ сариқ рангдаги модел эса 899 долларга баҳоланган.











