Қадимий Хива шаҳрида Хоразм вилоятининг миллий анъаналари, гастрономияси, маданияти ва сайёҳлик салоҳиятини намойиш этган «Қовун сайли – 2026» халқаро фестивали бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган фестивал 7–9 август кунлари Ичан қалъа ҳамда Arda Khiva сайёҳлик мажмуасида ўтказилди.

Фестивал давомида меҳмонларга Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келтирилган 250 хил қовун нави ҳамда улар асосида тайёрланган 200 дан ортиқ маҳсулот намойиш этилди.

Тадбир дастуридан қовун ва миллий таомлар дегустацияси, халқ ҳунармандчилиги намуналари, фолклор ва театрлаштирилган томошалар, маҳорат дарслари ҳамда концерт дастурлари ўрин олди.

Маълумотларга кўра, фестивал кунларида Хивага жами 186 минг киши ташриф буюрган. Уларнинг 36 минг нафарини хорижий, 150 минг нафарини маҳаллий сайёҳлар ташкил этган.

Фестивалнинг энг муҳим воқеаси янги жаҳон рекордининг ўрнатилиши бўлди. Тадбир иштирокчилари 259 дан ортиқ қовун навини татиб кўрди. Натижада Хива «Энг кўп қовун дегустацияси ўтказилган фестивал» номинацияси бўйича Гиннесснинг рекордлар китобига кирди.

Фестивал доирасида фаол иштирокчилар ҳам тақдирланди. Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, Хива Гран-прини қўлга киритиб, BYD Champion электромобили билан тақдирланди. Биринчи ўринни Янгиариқ тумани, иккинчи ўринни Хоразм вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси эгаллади. Учинчи ўрин Урганч давлат университети ҳамда UzAuto Motorsʼнинг Хоразм филиалига насиб этди.

«Қовун сайли – 2026» Хоразмнинг полизчилик анъаналари, гастрономик мероси ва сайёҳлик имкониятларини кенг тарғиб қилиш билан бирга, жаҳон рекорди билан якунланди.