Германия Қуролли кучлари — Бундесвер сўнгги йилларда мамлакатдаги ҳарбий объектлар яқинида дронлар пайдо бўлиши билан боғлиқ ҳолатлар сезиларли даражада кўпайганини маълум қилди.
Бу ҳақда Бундесвер Оператив қўмондонлиги вакили 12 август куни Redaktionsnetzwerk Deutschland (RND) нашрлар гуруҳига берган интервюсида маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги йиллар давомида Бундесвер объектлари устидан эҳтимолий дронлар учиб ўтгани ҳақида бир неча юзта хабар қайд этилган.
Аксарият ҳолатларда гап якка ҳолда ҳаракатланаётган учувчисиз учиш қурилмалари ҳақида кетган. Бироқ айрим вазиятларда ҳарбий объектлар яқинида бир вақтнинг ўзида бир нечта қурилма, яъни дронлар тўдаси ҳам кузатилган.
Германия гибрид таҳдидларга ҳар куни дуч келмоқда
Бундесвер вакилининг таъкидлашича, сўнгги йилларда Германия ва умуман Европада хавфсизлик билан боғлиқ вазият тубдан ўзгарган.
Хусусан, мамлакат деярли ҳар куни турли кўринишдаги гибрид таҳдидларга дуч келмоқда. Улар қаторига дезинформация тарқатиш, киберҳужумлар, жосуслик ва диверсия ҳаракатлари киритилган.
Шундай ҳолатлардан бири ўтган ҳафта охирида Шимолий Рейн-Вестфалия федерал еридаги Мехерних муҳим ҳарбий базаси устида кузатилган. Ҳарбий объект тепасида иккита учувчисиз учиш қурилмаси аниқланган. Ҳозирда ушбу ҳодиса маҳаллий полиция томонидан тергов қилинмоқда.
Лейпциг аэропортида дрон Украина юк самолётига урилган
Айниқса, Лейпциг аэропортида 5 августга ўтар кечаси содир бўлган воқеа Германияда катта резонанс келтириб чиқарган.
Маълумотларга кўра, келиб чиқиши ҳозирча аниқланмаган дрон аэропортдаги Украина юк самолётига бориб урилган. Учувчисиз қурилма детонаторли портловчи модда билан жиҳозланган бўлган.
Бироқ ҳозирча номаълум сабабларга кўра, дрондаги портловчи қурилма ишга тушмаган ва портлаш содир бўлмаган.
Мазкур воқеа бўйича терговни Германия Федерал прокуратураси олиб бормоқда. Дронни ким бошқаргани, унинг қаердан учирилгани ва ҳодисадан кўзланган мақсад ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.
Германия дронларга қарши янги марказ ташкил этмоқда
Ушбу воқеалардан кейин Германия ички ишлар вазири Александр Добриндт мамлакатда дронларга қарши курашиш имкониятларини кучайтириш бўйича янги чоралар кўрилишини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Саксония-Анҳальт федерал ерида жойлашган Германия авиация ва космонавтика марказининг (DLR) синов аэродромида дронларга қарши курашиш бўйича янги технологик марказ ташкил этилмоқда.
Марказ учувчисиз қурилмаларга қарши технологияларни тадқиқ қилиш, янги ечимларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалиётга жорий этишдан олдин синовдан ўтказиш билан шуғулланади.
Германия расмийлари ҳарбий объектлар яқинида дронлар пайдо бўлишини мамлакат ва Европа хавфсизлигига таъсир кўрсатаётган кенгроқ гибрид таҳдидлар фонида баҳоламоқда. Айни пайтда қайд этилган барча дрон парвозларининг ортида ким тургани ҳақида ягона хулоса қилинмаган.











