АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Оқ уйда янги базм зали барпо этиш ва бошқа қурилиш лойиҳаларига камида 927 млн доллар сарфлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Washington Post (WP) нашри ҳужжатлар ва манбаларга таяниб ёзди.
Газетанинг қайд этишича, бу қиймат аввал тахмин қилинганидан анча кўп бўлиб, ишлар бюджет ҳисобидан молиялаштирилади. WP баҳосига кўра, бу «Оқ уйнинг сўнгги 80 йилдаги энг қиммат реконструкцияси» ҳисобланади.
Трампнинг Оқ уйдаги энг машҳур лойиҳаси 900 кишига мўлжалланган янги базм зали қурилишидир. Ушбу лойиҳа кўплаб судлашувлар ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Ўтган ҳафта АҚШ судларидан яна бири Конгресс қурилишни давом эттириш ёки тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилмагунича, ушбу қурилиш режасини блоклаб қўйди. Бошқа лойиҳалар қаторида Оқ уйга туташ Лафает-сквер майдонини реконструкция қилиш, вертолёт қўниш майдончаси ҳамда меҳмонларни текшириш учун янги марказ яратиш ҳам бор.
WP’нинг ёзишича, Трамп маъмурияти кўпчилик қурилиш ишлари учун бюджетни тасдиқлатиш мақсадида Конгрессга мурожаат қилмаган, ваҳоланки шундай қилиши керак эди. Бунинг ўрнига, у давлат идоралари ва хусусий сармоядорлардан пул йиғиб, сўнг маблағларни шу мақсадда ташкил этилган бўлим томонидан бошқариладиган махсус ҳисобвараққа ўтказган. WP маълумотларига кўра, ушбу ҳисобвараққа турли идоралар, жумладан, Махфий хизмат томонидан камида 500 млн доллар, хусусий донорлар томонидан эса яна камида 305 млн доллар ўтказилган. Бу Трампнинг ўз лойиҳаларига маблағлар асосан хусусий шахслар ва ташкилотлардан келиб тушгани ҳақидаги аввалги баёнотларига зиддир.











