Украина Қуролли кучлари Бош штаби 12 август куни Новороссийскка тунги зарба натижалари бўйича дастлабки маълумотларни эълон қилди.

Украина Бош штабига кўра, ҳужум оқибатида Россия Ҳарбий-денгиз кучларининг тўртта кемаси турли даражада зарар кўрган. Булар «Адмирал Макаров» ва «Адмирал Эссен» фрегатлари, «Буян-М» кичик ракета кемаси ҳамда «Василий Быков» патрул кемасидир.

Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) «Адмирал Макаров» ва «Адмирал Эссен» фрегатлари «Калибр» қанотли ракеталарини ташиш имкониятига эга эканини таъкидлади. Украина томони Россия ушбу турдаги ракеталардан Украина ҳудудига зарба беришда фойдаланиб келаётганини билдирган.

УХХ маълумотларига кўра, 12 августга ўтар кечаси Новороссийскда кемалардан ташқари яна бир қатор объектлар ҳам нишонга олинган. Улар орасида С-300 зенит-ракета тизими таркибига кирувчи радиолокация станцияси, «Грушовая» нефт базаси, мобил ўт очиш гуруҳи ҳамда учта причал инфратузилмаси бор.

Украина махсус хизмати ҳужумда учувчисиз учиш аппаратлари, «Паляница» реактив дронлари, «Нептун» ракеталари ва денгиз платформаларидаги зарба тизимларидан фойдаланилганини маълум қилди.

Шу билан бирга, УХХ баёнотида Украина Бош штаби тилга олган «Буян-М» кичик ракета кемасининг шикастлангани ҳақида маълумот келтирилмаган.

Новороссийскда дон терминаллари иши тўхтатилди

«Ведомости» ва Reuters маълумотларига кўра, тунги ҳужум оқибатида Новороссийскдаги дон инфратузилмаси ҳам зарар кўрган. Новороссийск дон терминали ва Новороссийск нон маҳсулотлари комбинати (ННМК) ишини тўхтатгани хабар қилинган. ННМКга тегишли дон терминали ҳам шикастлангани айтилмоқда.

Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратьев ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлгани ва 24 киши жабрланганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Новороссийскда 60 га яқин турар жой биносига зарар етган. Маҳаллий ҳокимият вакиллари дрон қолдиқлари Геленжик, Анапа ва Темрюк туманидаги уйларга ҳам шикаст етказганини билдирган.

Россия маҳаллий расмийларига кўра, Краснодар ўлкаси томон «юзлаб» дронлар учирилган.

Украина томони зарба берилган объектлар қаторида тилга олган «Грушовая» нефт базаси аввал ҳам ҳужумга учраган. ASTRA Telegram-канали маълумотига кўра, объект 8 июндаги ҳужумдан кейин ёнган.

«Грушовая» қувурлар тизими орқали «Шесхарис» денгиз терминали билан боғланган. У ерда нефт танкерларга юкланади. Мазкур мажмуа Краснодар ўлкасидаги «Транснефть» магистрал нефт қувурларининг якуний нуқталаридан бири ҳисобланади.