The Intercept ва Freedom of the Press Foundation АҚШ президенти Доналд Трампга қарши судга мурожаат қилди. CNBC хабарига кўра, даъво 12 август куни маълум қилинган.

Даъвогарлар Truth Social ижтимоий тармоғи учун ишга туширилган Truth API хизматини блоклашни талаб қилмоқда. Ушбу хизмат пулли обуначиларга Трампнинг янги постларини оддий фойдаланувчиларга нисбатан эртароқ олиш имконини беради.

Даъвода таъкидланишича, Truth API АҚШ Конституциясига киритилган Биринчи ва Бешинчи тузатишлар талабларини бузиши мумкин. Даъвогарлар жамоатчилик учун мўлжалланган президент баёнотларига пул тўлаган шахслар ва компанияларнинг бошқалардан олдин кириш имконига эга бўлишини конституцияга зид деб ҳисобламоқда.

Гап фақат Трампнинг постлари ҳақида эмас. Хизмат орқали АҚШнинг бошқа юқори мартабали амалдорлари, жумладан вице-президент Жей Ди Вэнс ва Федерал қидирув бюроси директори Кэш Пателнинг Truth Socialʼдаги публикацияларига ҳам тезкор кириш имконияти тақдим этилиши айтилмоқда.

The Intercept ва FPF бу амалиётни кескин танқид қилиб, уни «ғайриоддий, коррупцион ва конституцияга зид схема» деб атаган. Ташкилотлар суд орқали ушбу амалиётни тўхтатишга эришмоқчи.

Даъвогарларнинг маълумотига кўра, Доналд Трамп 2025 йил январда Оқ уйга қайтганидан буён Truth Socialʼда 9 мингдан 11 минггача хабар қолдирган. Уларнинг айримлари Оқ уйнинг расмий каналларида дарҳол такрорланмайди.

Шу сабабли, даъвогарлар фикрича, айрим ҳолатларда Трампнинг Truth Socialʼдаги постлари президент қарорлари ва ҳукуматга оид янгиликларни тезкор олишнинг ягона манбасига айланмоқда.

Трамп постларини монетизация қилиш

Truth Socialʼнинг бош компанияси — Trump Media & Technology Group (TMTG) Truth API хизматини июл ойи охирида ишга туширган.

Хизматга обуна нархи ойига 100 минг долларгача етиши мумкин. У орқали мижозларга Трамп ва унинг атрофидаги шахсларнинг янги постларини оддий фойдаланувчилардан тезроқ, ҳатто «миллисониялар» фарқи билан олиш имконияти таклиф қилинган.

TMTG бош директори вазифасини бажарувчи Кевин МакГерннинг маълум қилишича, Truth APIʼнинг ҳозирда 10 дан ортиқ обуначиси бор. Уларнинг аксарияти фонд биржалари ва молия бозорларида ўта тезкор савдо операцияларини амалга оширишга ихтисослашган компаниялардир.