Аввалроқ HUMO, Halyk Bank ва Tenge Bank билан биргаликда Қозоғистондаги Halyk Bank терминаллари орқали HUMO карталари билан тўловларни амалга ошириш имкониятини таъминлаган эди. Бунинг натижасида HUMO карта эгалари валюта айирбошлаш ёки олдиндан нақд пул ечиб олиш заруратисиз харидларни тўғридан тўғри карта билан амалга оширишлари мумкин. Хизматдан Halyk Bank эквайринг тармоғига уланган барча савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида фойдаланиш мумкин.

HUMOнинг Қозоғистондаги фаолиятини янада кенгайтириш доирасида визуал навигация тизими жорий этилди. Савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида HUMO карталари эгаларига HUMO карталари билан тўловларни амалга ошириш мумкин бўлган нуқталарни тезда топишга ёрдам берадиган фирма ахборот материаллари жойлаштирила бошланди. Шу билан бирга, HUMO карталари билан тўлаш имконияти Қозоғистоннинг барча вилоят ва шаҳарларида Halyk Bank эквайринг тармоғига уланган савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида мавжуд. Биринчи босқичда брендланган материаллар Туркистон вилояти, шунингдек, Чимкент ва Тараз шаҳарларида пайдо бўлди.

«Мақсадимиз – HUMO карталаридан Ўзбекистондан ташқарида фойдаланишни мамлакат ичидаги каби оддий ва одатий қилишдир. Halyk Bank билан биргаликда биз карталарни қабул қилиш инфратузилмасини кенгайтирмоқдамиз ва фойдаланувчилар HUMO карталари қабул қилинадиган савдо нуқталарини тезда топишлари учун тушунарли мижоз навигациясини яратмоқдамиз. Натижада саёҳатлар янада қулайроқ бўлади, тўлов жараёни эса максимал даражада одатий ва қулай бўлади», – дея таъкидлади HUMO вакиллари.

Қозоғистонда HUMO инфратузилмасининг кенгайиши нақдсиз тўлов доирасидан ташқарига чиқади: HUMO карталари энди Halyk Bankʼнинг бутун банкоматлар тармоғида ҳам қабул қилинади. Ўзбекистоннинг исталган банки томонидан чиқарилган HUMO карталари эгалари учун бу саёҳат пайтида ягона ва қулай тўлов усулларини шакллантиради: кундалик харидларни тўлаш, нақд пул ечиб олиш ва Halyk Bank банкоматларида карта балансини текшириш учун битта карта етарли. Тўлов терминаллари ва банкоматларнинг имкониятларини бирлаштириш мижозлар йўлини имкон қадар содда ва одатий қилади ҳамда Ўзбекистон миллий тўлов тизимидан мамлакатдан ташқарида фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради. Фойдаланиш қулайлиги ва ягона мижоз йўли – HUMO ва Halyk Bank ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг асосий тамойилидир.

Халқаро тўлов инфратузилмасини ривожлантириш бугунги кунда HUMOʼнинг асосий масштаблаш йўналишларидан биридир. Компания изчил равишда ўз сервислари фаолият географиясини кенгайтирмоқда, халқаро ҳамкорликни ривожлантириб, HUMO карталари соҳиблари Ўзбекистондан ташқарида ҳам одатий молиявий сервислардан мамлакат ичидагидек қулай фойдалана оладиган умумий тўлов экотизимини яратади.

HUMO тўғрисида

HUMO — Ўзбекистон Республикасининг миллий тўлов тизими ва мамлакат молиявий инфратузилмасининг асосий элементларидан бири. Компания нақдсиз тўловларни ривожлантиради, замонавий тўлов технологияларини жорий этади, халқаро ҳамкорликни кенгайтиради ва янги тўлов усулларини, жумладан, QR-тўловлар ва трансчегаравий сервисларни яратиб, рақамли иқтисодиёт ривожига хизмат қилади.

Сайт | Facebook | Instagram | Telegram | LinkedIn