15 август куни Россиянинг Омск шаҳрида қурилаётган бинода ёнғин чиқиши оқибатида 11 киши жароҳатланиб, шифохонага ётқизилди.
Аввалига РФ тергов қўмитасининг Омск области бўйича бошқармаси жабрланганларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари экани ҳақида хабар тарқатганди. Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби Омонулла Файзиев Kun.uz’га берган изоҳида бу маълумотни рад этиб, жабрланганлардан фақат икки нафари Ўзбекистон фуқаролари эканини маълум қилди.
Жабрланувчиларнинг барчаси кўп қаватли бино қурилишида ишлаётган қурувчилар бўлишган.
Маҳаллий манбаларга кўра, ҳодисага пайвандлаш ишлари вақтида изоляция материали аланга олиши сабаб бўлган. Воқеа жойига етиб келган ФВВ ўт ўчирувчилари 1000 квадрат метр майдонни қамраб олган ёнғинни ўчиришга бир соатдан ортиқ вақт сарфлашган, 5 кишини қутқаришган, 11 киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан маҳаллий шифохонага олиб борилган.
Кейинроқ улардан уч нафарига жавоб берилган, қолган саккиз нафари эса оғир аҳволда жонлантириш бўлимида қолмоқда. Уларда тананинг 20 фоиздан 90 фоизигача куйиш ҳолатлари қайд этилган.










