Украина ҳукумати 19 август куни Николай Гладишенкони давлатга қарашли «Сенс Банк» кузатув кенгаши раиси ваколатларини бажаришдан олти ойга четлатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Украина Молия вазирлиги матбуот хизматига кўра, қарор Коррупцияга қарши миллий бюро (КҚМБ) ва Коррупцияга қарши ихтисослаштирилган прокуратура (КҚИП) томонидан эълон қилинган очиқ маълумотлар инобатга олинган ҳолда қабул қилинган.

Вазирлик Гладишенконинг вақтинча четлатилишидан мақсад банк кузатув кенгашининг лозим даражада ва самарали ишлашига таҳдид солиши мумкин бўлган хавфларни бартараф этиш эканини билдирди. Хусусан, банкдан пул маблағларини легаллаштириш мақсадида фойдаланиш эҳтимоли билан боғлиқ хатарлар қайд этилган.

Шунингдек, Украина Вазирлар Маҳкамаси «Сенс Банк» бошқаруви раиси Алексей Ступакни ҳам лавозимидан четлатиш ташаббусини илгари сурди.

Украина бош вазири Сергей Корецкий коррупцияга қарши органлар ошкор қилган маълумотлар тегишли ҳуқуқий ва сиёсий баҳо олиши кераклигини таъкидлади.

«Коррупцияга қарши органлар эълон қилган фактлар тегишли баҳолашни талаб қилади ва улар жавобсиз қолиши мумкин эмас. Ишонч давлат молия муассасасида фаолият юритишнинг принципиал шартидир», — деди у.

Бош вазир ҳукумат тергов материалларида исмлари тилга олинган «Сенс Банк»нинг бошқа мансабдор шахсларига нисбатан ҳам тегишли кадрлар бўйича қарорлар қабул қилинишини кутаётганини билдирди.

«Форрест Гамп» операцияси

19 август куни КҚМБ «Сенс Банк» кузатув кенгаши офисида, жумладан Николай Гладишенко билан боғлиқ жойларда тинтув ўтказгани маълум бўлди.

Ўша куни КҚМБ ва КҚИП «Форрест Гамп» деб номланган махсус операция доирасида собиқ энергетика ва адлия вазири Герман Галущенко учун гаров пулини тўлаш мақсадида маблағларни легаллаштириш схемаси фош этилганини билдирди.

Тергов маълумотларига кўра, гап 150 миллион гривна нақд пул ҳақида бормоқда. Мазкур маблағлар бир нечта сохта компаниялар ҳисобварақлари орқали қонуний муомалага киритилиб, кейин гаров пули сифатида тўланиши режалаштирилган.

КҚМБ маълум қилишича, жиноий схема иштирокчилари орасида Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари, собиқ халқ депутати, давлат банки бошқаруви раиси ва кузатув кенгаши раҳбари ҳамда бошқа шахслар бўлган.

ОАВ маълумотларида президент офиси раҳбари ўринбосари сифатида Ирина Мудрая, собиқ депутат сифатида эса Максим Микитас номи келтирилмоқда. Бироқ бу шахсларга оид маълумотлар тергов органларининг якуний хулосаси эмас ва уларнинг айби суд қарори билан тасдиқланмаган.