2026/27 ўқув йили учун давлат олийгоҳлари бакалавриатига ҳужжат топширган абитуриентларнинг 233 935 нафари минимум ўтиш балли – 56,7 баллдан паст натижа кўрсатди.

Бу – жами абитуриентларнинг 37,54 фоизини ташкил этади. Бу ҳақда олий таълим вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов маълум қилди.

Ўқишга кириш учун талаб этиладиган минимум балл (максимал баллнинг 30 фоизи) – 56,8 баллдан кам тўплаган абитуриентлар улуши сўнгги йилларда пасайиб бормоқда:

  • 2023/24 ўқув йилида 46 фоиз;
  • 2024/25 ўқув йилида 43 фоиз;
  • 2025/26 ўқув йилида 41 фоиз;
  • 2026/27 ўқув йилида 37,54 фоиз.

Сардор Ражабов бу ҳолат абитуриентларнинг билим даражаси ва тест натижалари яхшиланиб бораётганидан далолат беришини айтди. Аммо сўнгги йилларда умуман абитуриентлар сони ҳам камайиб бораётганини таъкидлаш лозим.

Жорий ўқув йилида 677,9 минг нафар абитуриент давлат олийгоҳлари бакалавриатига ўқишга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтди. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2024 йилгача 1 миллиондан ортиқ эди:

  • 2019 йил – 1 066 925 нафар;
  • 2020 йил 1 484 085 нафар;
  • 2021 йил 948 211 нафар;
  • 2022 йил 1 214 232 нафар;
  • 2023 йил 1 018 007 нафар;
  • 2024 йил 894 279 нафар;
  • 2025 йил 732 411 нафар.

Шундай қилиб, 2026 йилда ўқишга топширганлар сони 2023 йилдагига нисбатан қарийб 340 минг нафарга ёки 33 фоизга кам. Абитуриенлар сони қисқаришига сиртқи таълимга қабулнинг тўхтатилиши ҳам таъсир қилган бўлиши мумкин.

Мактабни жорий йилда битирган ёшлар ўртасида 56,7 баллдан паст тўплаш ҳолатлари динамикаси юзасидан ҳозирча маълумотлар йўқ.

Қайд этиш лозим, жорий йилда давлат гранти асосида ўртача ўтиш бали 134,6 балл, тўлов-контракт бўйича эса 93,7 баллни ташкил этди. Ўтган ўқув йилида бу кўрсаткичлар мос равишда 121,8 ва 84,9 балл бўлган.