Ўзбекистонда сертификатга эга абитуриентлар давлат олийгоҳларига киришда тегишли фан бўйича максимал балл олиши тартиби келгусида қайта кўриб чиқилиши мумкин. Бу ҳақда олий таълим вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов маълум қилди.
Рақамларга қараганда, жорий йилда давлат олийгоҳларига ўқишга топширган 678 минг абитуриентнинг 193 минг нафарида умумтаълим фанлари бўйича, 125 минг нафарида эса чет тиллари бўйича миллий ёки халқаро сертификат бўлган.
Абитуриентларнинг 13 минг нафарида барча фанлардан сертификати бўлгани туфайли, улар тест синовларидан тўлиқ озод қилинди. Таққослаш учун, 2025 йилда бундай имкониятдан 678 нафар абитуриент фойдаланган эди.
Бунинг ортидан ўқишга киришдаги ўтиш баллари сезиларли кўтарилди. Жорий йилда ўртача ўтиш балли давлат гранти бўйича 134,6 балл, тўлов контракт бўйича 93,7 баллни ташкил этди. Ўтган йили бу кўрсаткичлар мос равишда 121,8 ва 84,9 балл эди.
Олий таълим вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов, мандат якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида берилган саволга жавобан, сертификати борларга максимал балл бериш қанчалик тўғри деган масала кўриб чиқилаётганини маълум қилди.
“Миллий сертификат саволлари – олий таълимга кириш тест синовларидаги саволлардан фарқ қилади. Чунки тестларда фақат ёпиқ саволлар бўлади, миллий сертификатда эса [имтиҳон топширувчининг билими] очиқ саволлар билан баҳоланади, яъни фақат тўғри жавобни белгилаганига қараб эмас, Раш модели асосида ҳисобланади.
Миллий сертификат билан топширган абитуриентлар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Бунинг таҳлилини қилдик: кўплаб ўқувчилар мактабни битириш арафасидаги йилларда босқичма-босқич миллий сертификатларни олишяпти. Албатта, [миллий сертификат билан ўқишга кираётганлар] кўпайгани яхши, чунки тестда лотерея ҳолати ҳам бор: билмаган саволига [таваккал қилиб] жавобни белгиласа – унақалар сони кўп бўлади – улар ҳам қанақадир балл олади. Масалан, жавоб варақасига фақат “А” жавобини белгилаб чиқса ҳам, қандайдир балл олади. Миллий сертификатда эса бунақа ҳолат камроқ, чунки айтиб ўтганимдек, саволлар очиқ.
Лекин бир нарсани инобатга олишимиз керак. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги билан биргаликда кўриб чиқяпмиз: ҳозирги кундаги максимал балл бериш тизими қанчалик тўғри? Яъни битта жойга кўп абитуриентларнинг тиқилиб қолиши ва ҳоказо масалалар бор. Чунки бу йилдан йилга ошиб боряпти ва ўйлайманки, бир неча йилдан кейин миллий сертификат билан топширадиганлар сони тест синовлари билан топширадиганлар сонидан ошиб кетади. Биз буни олдиндан кўра билиб, механизмларини ишлашимиз керак. Бу бўйича ишлаяпмиз, албатта, қандайдир янгиликлар бўлса, бунинг хабарини берамиз”, – деди у.
Сардор Ражабовнинг сўзларига кўра, миллий сертификат билан максимал балл олиб ўқишга кирганлар олий таълимда қандай ўқияпти, деган йўналишда ҳам таҳлил ўтказилган.
“Таҳлил бўйича, агар адашмаётган бўлсам, [сертификат сабаб максимал балл билан ўқишга кирган] 60 фоизга яқин бола аъло баҳога ўқияпти. Яхши баҳоларга ўқиётганлар 40 фоизга яқин. Фақатгина нол нечадир фоизи яхши ўқимаяпти – бунга ҳар хил объектив-субъектив сабаблар бўлиши мумкин”, – деди вазир ўринбосари.
Унинг қўшимча қилишича, имтиёз билан ўқишга кирган талабалар ичида энг юқори натижа кўрсатаётганлар – хотин-қизларга берилган имтиёз соҳибалари экани аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, умумтаълим фанлари бўйича сертификатга эга абитуриентларга сертификатда кўрсатилган ўзлаштириш фоизига мос равишда ОТМ бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида шу фандан белгиланган максимал баллга пропорционал балл бериш тартиби 2021 йилда жорий этилган эди.









