Бугун, 18 август куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2026/2027 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига қабулнинг якуний натижалари бўйича матбуот анжумани ўтказди. Якуний танлов натижаларига кўра, бу йил бакалавриат таълим йўналишларига 209,1 минг нафар абитуриент талабаликка тавсия этилди.
Уларнинг 52,8 минг нафари — давлат гранти, 156,3 минг нафари — тўлов-контракт асосида ўқиш имкониятига эга бўлди. Белгиланган имтиёзлар асосида алоҳида қабул кўрсаткичлари доирасида яна 20,5 минг нафар абитуриент талабаликка тавсия этилган.
Бу йил давлат гранти асосида ўртача ўтиш бали 134,6 балл, тўлов-контракт бўйича эса 93,7 баллни ташкил қилди. Таққослаш учун 2025/2026 ўқув йилида ушбу кўрсаткичлар мос равишда 121,8 ва 84,9 балл бўлган. Бир йилда грант бўйича ўртача ўтиш балли 12,8 баллга, контракт бўйича эса 8,8 баллга ошган.
Вазирлик маълумотларига кўра, жорий йилда абитуриентлар энг кўп танлаган олий таълим муассасалари қаторида Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Ўзбекистон Миллий университети етакчилик қилган. Таълим йўналишлари бўйича эса энг юқори қизиқиш:
«Даволаш иши»;
«Иқтисодиёт»;
«Филология ва тилларни ўқитиш: инглиз тили» йўналишларига кузатилган.









