Ўзбекистонлик футболчилар тўп тепадиган “Истанбул Бошоқшеҳир” жамоаси Туркия Суперлигаси 2-турини сафарда “Трабзонспор”га қарши ўтказди.
Учрашувнинг 8-дақиқасида трабзонликларнинг янги аъзоси Муҳаммад Салоҳ дарвозабоннинг хатосидан сўнг гол уриб, ҳисобни очди. Орада 11 дақиқа ўтиб Элдор Шомуродов ўзи ишлаган пеналтини голга айлантириб, мувозанатни тиклади.

48-дақиқада Муҳаммад Салоҳ ўйиндаги сўнгги голни уриб, якунда жамоасига ғалаба келтирди.
Элдор Шомуродов тўлиқ ўйин ўтказди. Аббосбек Файзуллаев эса 58-дақиқада ўз ўрнини жамоадошига бўшатиб берди. Sofascore портали Шомуродовнинг ўйиндаги ҳаракатларига 6,9 балл, Файзуллаевга эса 6,4 балл берди.

Маълумот учун, Туркия Суперлигаси 1-турида “Истанбул Бошоқшеҳир” ўз майдонида “Кожаелиспор”ни 2:0 ҳисобида ютганди. Голлардан бирини Шомуродов урган бўлса, яна бир голга Файзуллаев ассистентлик қилганди.
Туркия Суперлигаси. 2-тур
“Трабзонспор” — “Истанбул Бошоқшеҳир” 2:1
Голлар: Салоҳ (8, 48) — Шомуродов (19, пеналти).
“Трабзонспор” — Онана, Кабрал, Нваиву, Савич, Эскихеллач, Мучи (Ўзкажар, 70), Кабасакал, Малиновский (Бушуари, 81), Симсир (Савиоло, 70), Салоҳ, Онуачу (Тўфон, 87).
“Бошоқшеҳир” — Шенгазер, Шаҳинер (Карбовник, 70), Байрам, Опоку, Опери, Кемен, Калужински (Брнич, 58), Сков Олсен (Бозок, 79), Шомуродов, Файзуллаев (Зелке, 58), Бертуг (Эргун, 46).
Огоҳлантиришлар: Кемен (22), Бертуг (39), Зелке (61), Салоҳ (79), Нваиву (83), Эргун (88), Савич (89).









