Непал ва Тибетдаги сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонликлар йўқ, деб хабар берди «Дунё».
Ўзбекистоннинг Деҳлидаги (айни пайтда Непалда ҳам фаолият юритади) элчихонаси маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда фалокат оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида ватандошлар тўғрисида маълумот келиб тушмаган. Дипломатик ваколатхона тегишли идоралар билан доимий алоқада бўлиб, вазият ривожини мунтазам кузатиб бормоқда.
Reuters хабарига кўра, 26 август куни Непал ва Тибетда юз берган ҳалокатли сув тошқинларидан сўнг 1,5 мингга яқин киши, жумладан, 700 дан ортиқ хорижлик бедарак йўқолган. Ҳимолай дарёсига лой ва тош массасининг қулаши оқибатида сув ва лой оқими йўллар ва уйларни ювиб кетган. Непалда камида 165 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда, маҳаллий ҳокимият идоралари қурбонлар сони янада ортиши мумкинлигини маълум қилди.
Мамлакатда 826 киши, жумладан, 500 га яқин хорижлик бедарак йўқолган.Қидирув-қутқарув амалиётига 5 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи ва полиция ходими жалб этилган. Бугун қутқарувчилар 125 киши, жумладан, 20 нафар хорижликни топиб, эвакуация қилди. Жабр кўрган ҳудудларга чодирлар, озиқ-овқат ва бошқа зарур воситалар етказилмоқда.








