Трампнинг сўзларига кўра, икки мамлакат расмийлари бир неча ойлик танаффусдан сўнг илк бор мулоқот қилди. АҚШ томонидан музокараларда унинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер, Эрон томонидан эса ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи қатнашган. The New York Times хабарига кўра, мулоқот Қатар ва Покистон воситачилигида ўтган.
Уиткофф кейинроқ X ижтимоий тармоғида томонлар кун давомида воситачилар орқали фикр алмашганини маълум қилди. У муҳокамалар раунди якунланганини ва воситачилар ишни давом эттиришини билдирди. Ҳозирча якуний келишувга эришилгани эълон қилинмаган.
Эрон давлат оммавий ахборот воситаларига кўра, Теҳрон Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар қатновини тиклаш шартларини АҚШ томонига етказган. Улар орасида АҚШнинг денгиз блокадасини зудлик билан тўхтатиши, санкциялар сабаб музлатилган Эрон активларини бўшатиши ва ҳарбий ҳаракатларга чек қўйиши бор.
Трамп Форс кўрфази давлатлари етакчилари билан учрашувда Эрон билан келишувга эришиш йўлида силжиш борлигини айтди. Бироқ у БМТ Бош ассамблеясидаги нутқида Теҳронга нисбатан анча кескин оҳангда гапирган эди: АҚШ президенти Эрон келишувга келиши ёки «йўқ қилиниши» мумкинлигини таъкидлади. AFP маълумотига кўра, Трампнинг чиқиши пайтида Эрон делегацияси зални тарк этган.

















