«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, OTTO платформасида «Пахта гули» чинни чой тўпламлари, Риштон лаганлари ва косалари, наманганлик усталарнинг миллий пичоқлари ҳамда чўян қозонлар харидорларга таклиф этилмоқда. Улар орасида етти буюмдан иборат чой сервизи ва керамик ликоплар ҳам бор.
Немис тилидаги маҳсулот тавсифларида Риштон керамикасига хос ҳаворанг туслар, нозик сирлама ва нақшлар, буюмларнинг қўлда бўялгани қайд этилган. Идишлар кундалик фойдаланиш, меҳмон кутиш, уйни безатиш ва совға қилиш учун тавсия этилмоқда.
Kaufland онлайн-платформасида эса турли ҳажмдаги, жумладан, 8–22 литрли ўзбек чўян қозонлари ва ўчоқлари сотилмоқда. Сотувчилар уларнинг мустаҳкамлиги, иссиқликни узоқ сақлаши ва турли таомларни тайёрлашга қулайлигини таъкидлаган.
Агентлик маълумотига кўра, харидорлар қолдирган изоҳларда ҳам қозонларнинг амалий жиҳатлари ижобий баҳоланган.
Хабарда Ўзбекистон маҳсулотларини Европа бозорида илгари суришда миллий дизайн билан бирга сифат ва хавфсизлик ҳақидаги ишончли маълумотлар, етказиб бериш ҳамда товарни қайтариш шартлари муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилган.

















