23 октябр куни Фарғона шаҳридаги 3 та боғчанинг 51 нафар тарбияланувчиси тана ҳарорати кўтарилиши, қорин соҳасида оғриқ, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши шикояти билан шифохонага мурожаат қилган. Ҳозирда уларнинг 20 нафардан ортиғи юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Заҳарланишда гумон қилинаётган ҳар 3 боғчада болалар ўша куни “Chorvador” фермер хўжалиги томонидан етказиб берилган сут маҳсулотидан истеъмол қилишган. Kun.uz мухбири воқеа тафсилотларини ўрганди.
Суриштирувдан маълум бўлишича, тарбияланувчилари заҳарланган 47-,2-,7-мактабгача таълим ташкилотида овқатлар ўша ернинг ўзида тайёрланади. Ҳар 3 боғчага сут маҳсулотлари бир вақтнинг ўзида “Chorvador” фермер хўжалиги томонидан етказиб берилган.
“Аҳволи ёмон эди...”
“23 октябр куни 47-боғчага борадиган неварам уйга ҳолсизланиб келди. Бир оздан кейин тана ҳарорати кўтарилди. Парацетамол бердик. Кечаси соат 11:00 дан кейин ичи кетишни бошлади. Камида саккиз маҳал “югурди”. Эртаси куни эрталаб шифохонага олиб бордик.

Биринчи куни ичи қон аралаш келди. Ҳолатни кўриб ўзимиз ҳам қўрқиб кетдик. Бугунга келиб аҳволи анча яхшиланди. Иситмалари тушган. Ўша куни болалар боғчада карам шўрва, шавла ва сут маҳсулоти ейишган экан”, дейди неварасини шифохонада даволатаётган Умида Шарипова.

“Ўткир диариея ташхиси қўйилган”
“23 октябр куни соат 17:00 дан бошлаб шу кунгача вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 51 та мурожаат бўлган. 51 нафар боғча тарбияланувчиси ошқозон-ичак тизимидаги бузилиш билан шифохонамизга ётқизилган. Ҳозирги кунга келиб, ҳаммасининг ҳолати қониқарли. 31 нафари қониқарли ҳолатда уйига рухсат берилди. 20 нафари ҳозирча даволанишни давом эттиряпти. Ҳолати қониқарли, муолажа олишяпти. Беморларга ўткир диарея ташхиси қўйилди, лекин ҳаммасида ўрта оғир, енгил кечиши, оғирлашган ҳолатлар йўқ. Реанимацияга ётқизилган беморлар йўқ”, дейди Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонаси шифокори Абдували Исақов.





















