15:11 / 18.12.2017
8545
Марказий Осиё мамлакатлари сув хўжалиги билан боғлиқ барча масалаларни биргаликда ҳал қилмоқда

Фақатгина ўзаро хабарлашиб, истисносиз барча мамлакатларнинг манфаатларини ҳурмат қилиб, Марказий Осиё минтақасидаги сув, озиқ-овқат ва экологик хавфсизликни таъминлаш мумкин. Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Шавкат Ҳамроев 18 декабрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "Халқаро сув ҳуқуқи минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш жиҳози сифатида" номли семинарда шундай баёнот берди. 

Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Шавкат Ҳамроев
Фото: CAREC

Қўшни мамлакатлар манфаатлари ва экотизимларига зиён етказмай барқарор ривожланиш ғояларига содиқ бўлган Ўзбекистон қўшнилар билан муносабатларини халқаро ҳуқуқ нормалари асосида қуради. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги минтақавий келишувларга қўшимча  равишда Ўзбекистон 2007 йилда икки сув конвенциясига қўшилган:

- Трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги конвенция (Хельсники, 1992 йил);

- Халқаро сув оқимларидан кема қатновларидан бошқа йўналишларда фойдаланиш ҳуқуқига доир конвенция (Нью-Йорк, 1997 йил).

Таъкидлаш жоизки, бу икки конвенция трансчегаравий сув ресурсларидан адолатли ва оқилона фойдаланишни кўзда тутади. 

Ўзбекистон Республикаси трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларида халқаро ҳуқуқ нормалари асосидаги конструктив ҳамкорлик тарафдоридир. Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу масалада узоқни кўра билиши алоҳида эътироф этилди, зеро давлат раҳбари минтақадаги сув ресурсларидан биргаликда  фойдаланиш масаласини Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор жиҳатларидан бири сифатида белгилаб берди. 

Конструктив мулоқот ва ўзаро ҳурматга асосланган ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларнинг кучайтирилгани бугуннинг ўзида "ҳосил" бермоқда.

Сўнгги йилларда сув хўжалиги масалалари бўйича минтақа мамлакатлари ишчи гуруҳлари ўртасида икки томонлама мақсадли учрашувлар фаоллаштирилди. 
 
Шуни қувонч билан таъкидлаш жоизки, Қозоғистон президентининг 2017 йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Ўзбекистонга ташрифи давомида имзоланган "Қозоғистон ва Ўзбекистон Республикалари ўртасидаги сув хўжалиги соҳасидаги узоқ муддатли ҳамкорлик масалалари бўйича йўл харитаси" сув хўжалиги масалаларини ҳал қилишни давлат даражасига кўтарди. 

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида сув хўжалиги масалалари бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилди ва жорий йилда унинг бир неча йиғилиши бўлиб ўтди. Уларда икки мамлакат манфаатларига доир сув хўжалиги масалалари конструктив муҳокама қилинмоқда ва самарали ҳал этилмоқда.

Ўзбекистон ва Туркманистоннинг икки томонлама ҳамкорлиги уч томонлама (икки мамлакат вакиллари ва  "Амударё" ҳавза-сув хўжалиги ташкилоти) ишчи гуруҳ доирасида жуда самарали ривожланмоқда. 

Айни пайтда Қирғизистон Республикаси билан ишчи гуруҳи тузишга доир ишлар фаол олиб борилмоқда. 

Top