17:10 / 15.02.2019
54496
Тошкентдаги икки йирик университетни шаҳардан ташқарига чиқариш таклиф этилди

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори ўринбосари​ Турсун Аҳмедов Ўзбекистондаги икки йирик олий таълим муассасаси – Ўзбекистон Миллий университети ва Тошкент давлат техника университети бино ва жойлашувини шаҳардан ташқарига чиқаришни таклиф этди. Бу ҳақда 15 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманда иштирок этган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Бу шундай бўлади, дегани эмас. Биз олий таълим муассасалари ва илмий-текшириш институтлари йирик шаҳарларда қандай жойлаштирилганини жаҳон тажрибаси мисолида чуқур ўргандик. Ўрганишлардан келиб чиққан ҳолда, айтиш мумкинки, йирик институт ва таълим муассасалари шаҳар ташқарисида ё атрофида жойлашади. Бу (ўзгариш назарда тутилмоқда - таҳр.) эртага бўлади, дегани эмас. Балки, 5 йил ё маълум вақтдан кейин бўлар, негаки, йирик мегаполисларнинг ўзига хос қонунияти бор. Унда кўпроқ бизнес марказ, хизмат ва савдо марказлари жойлашади, бошқа объектлар шаҳар атрофи ё ташқарисида бўлиши назарда тутилади», – дейди у. 

Аҳмедовнинг таъкидлашича, урбанизация даражаси асосан шаҳарлашув, шаҳарда яшаётгани аҳолининг ўсиб боришига боғлиқ. Жаҳон тажрибасини инобатга олиб, шаҳар марказида бўлган йирик ишлаб чиқариш, объектларни унинг атрофига жойлаштириш мақсадга мувофиқ бўлади. 

Вазирлик маълумотига кўра, 1991 йил Ўзбекистонда шаҳарликлар умумий аҳолининг 40,3 фоизини ташкил этган бўлса, 2018 йилга келиб бу рақам 50,6 фоизга ўсди. 

«Урбанизация даражаси бўйича Ўзбекистоннинг жаҳонда тутган ўрни паст. БМТ халқаро рейтинг кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистон ушбу йўналишда 233 мамлакат орасида 155-ўринни эгаллади. Ваҳоланки, бу соҳада дунёдаги ўртача кўрсаткич 55,3 фоиздир», – дейилади вазирлик ахборотида.

Top