8584.5 USD +6.14

9673.87 EUR +45.52

136.34 RUB +1.82

10793.3 GBP +50.61

11:14 / 21.06.2019 5801

Бухорода ва Самарқандда мактабни олтин медаль билан тамомлаган ўқувчилар тақдирланди

Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида Бухоро вилоятидаги умумтаълим мактабларини аъло баҳоларга тамомлаган битирувчиларга олтин ва кумуш медалларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Жорий ўқув йилида Бухоро вилоятидаги 528та умумтаълим мактабларининг 11-синфини 16 минг 950 нафар йигит-қиз муваффақиятли тугатиб, мустақил ҳаётга йўлланма олди. Битирувчиларнинг 144 нафари олтин ва 151 нафари кумуш медалга сазовор бўлди.

Тадбирда сўзга чиққан Бухоро вилоят ҳокими Ўктам Барноев мамлакатимизда баркамол авлодни шакллантириш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётганини эътироф этди.

Битирувчиларга аъло билими, намунали хулқи ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун бериладиган олтин ва кумуш медаллар ёшларнинг таълим олишга бўлган қизиқишларини янада ошириш, улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш ва иқтидорли ўқувчилар билимини рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади ва ўқувчиларга олтин ва кумуш медаллар, шунингдек, вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Худди шундай тадбир Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида ҳам бўлиб ўтди ва унда самарқандлик мактаб битирувчиларига олтин ва кумуш медаллар топширилди.

Жорий ўқув йилида Самарқанд вилоятидаги 1176та умумтаълим мактабларининг 11-синфини 30 минг 268 нафар йигит-қиз битириб, уларнинг 78 нафари олтин ва 63 нафари кумуш медалга сазовор бўлди. Энг кўп олтин медаль Паст Дарғом туманидаги 21-мактаб ўқувчиларига тегишли бўлиб, уларнинг 12 нафари ушбу мукофот билан тақдирланди.

Тадбирда Самарқанд шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Б.Облоқулов ва вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов қатнашди ҳамда мактаб ўқувчиларининг кейинги ўқишларига омад тилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий ўқув йилида икки нафар самарқандлик ўқувчи «Зулфия» номидаги Давлат мукофотини қўлган киритган. Яна бир нафар ўқувчи «Ёш китобхон» кўрик-танлови республика босқичида ғолиб бўлиб, «Спарк» автомобили билан тақдирланган.

Ўз мухбиримиз.

Top