09:06 / 28.10.2019
0
3033
ФВВ газ ускуналари ва иситиш мосламалари бўйича огоҳлантириш билан чиқди
Фото: Depositphotos

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқаролар, ташкилот, корхона ва муассасаларнинг раҳбарларига огоҳлантириш билан чиқди.

Об-ҳаво ҳароратининг пасайиб бориши натижасида газ ва бошқа турдаги муқобил ёқилғи иситиш мосламаларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёж ортиб боради. Бундай пайтларда иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлиши ҳамда инсонлар ис газидан заҳарланиши мумкин.

Бундай кўнгилсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида газ ускуналаридан ва иситиш мосламаларидан фойдаланишда қуйидаги ёнғин ва хавфсизлик талабларига риоя қилиш сўралади:

қўлбола ва носоз газ иситиш мосламаларидан фойдаланманг;

тунги вақт аҳоли турар жойларида ўрнатилган иситиш тизимини назоратсиз қолдирманг;

ошхонада ўрнатилган табиий газда ишловчи газ плиталардан хоналарни иситиш мақсадида фойдаланманг;

иситиш печлари ва уларнинг мўриларини созлигига, уларни турли буюм ва тўсиқлар билан беркитилмаслигига ҳамда махсус ташкилотлар томонидан ўз вақтида тозаланишига алоҳида эътибор беринг;

иситиш мосламалари яқинида ёнувчан буюмларни сақламанг;

иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг тавсия ва йўриқномаси талабларига риоя қилинг;

газ ускуналарни улаш тартиб қоидаларига риоя қилинг ва уларга резина шлангалар орқали уланишга йўл қўйманг;

агарда хонада газ ҳидини сезсангиз, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан асло фойдаланманг, дарҳол хонани шамоллатинг ҳамда газ хизматига зудлик билан хабар беринг.

«Ушбу қоидаларга риоя этиш билан Сиз ўзингиз ва яқинларингизни ҳамда уй-жойингизни кўнгилсиз ҳодисалардан сақлаган бўласиз», - дейилади ФВВ маълумотида.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top