14:26 / 16.01.2020
0
2167
2019 йилда кўзи ожизлар учун 1,7 мингдан ортиқ китоб чоп этилди
Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда кўзи ожизлар кутубхоналари сони 2019 йилда 20тага ошиб, жами 123тага етди. Бу кутубхоналарга ўтган йил давомида Брайл ёзувидаги, 11 номдаги 1700дан ортиқ китоблар тарқатилган.

2019 йил натижаларига кўра, республика бўйича кўзи ожизлар кутубхоналарининг умумий фонди 562 168та китобни, фойдаланувчилар эса 80 543 нафарни ташкил қилган.

Бу ҳақда бугун, 16 январь куни Маданият вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Вазир ўринбосари Камола Оқилованинг айтишича, ҳозирда бу кутубхоналардан нафақат кўзи ожизлар, балки оддий аҳоли ҳам фаол фойдаланяпти.

«Қолаверса, веб-дастурчи Шерзод Бобоқулов муаллифлигида интерактив-саргузашт ўйинлар ва аудио ўқув қўлланмалари яратилди. Хусусан, 2017-2019 йилларда 31 номдаги 527 нусхада аудио китоблар ёзилиб, вилоят кўзи ожизлар кутубхонларига тарқатилди.

Шунингдек, 95 номдаги 380та аудионашрлар магнит тасмаларидан қайта тикланиб дискларга кўчирилди», – дейди Оқилова.

Тақдимотда намойиш этилган, Брайл ёзувида нашр қилинган китоблар қуйидагилар:

  • Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида (кирил ва лотин алифболарида, шунингдек рус тилида);
  • «Ўткан кунлар» (Абдулла Қодирий)
  • «Меҳробдан чаён» (Абдулла Қодирий)
  • «Қизғалдоғим» (Муҳаммад Юсуф)
  • «Одам бўлиш қийин» (Ўлмас Умарбеков)
  • «Етти иқлим султони» (Хильда Хукхем)
  • «Маманбий афсонаси» (Тўлепберген Қаипбергенов)
  • «Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни
  • Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top