16:00 / 22.01.2020
2
32037
Хитойда вирусдан ҳалок бўлганлар сони ошмоқда, ЖССТ халқаро фавқулодда вазият эълон қилиши кутилмоқда

Хитой маъмурлари тўққиз кишининг ҳаётига зомин бўлган янги хавфли вируснинг эпицентри деб номланган Хубей провинсиясида жойлашган Ухань шаҳрига боришдан сақланишни маслаҳат бермоқда.

Фото: AP/ТАСС

Шунингдек, 11 миллионлик мегаполис аҳолисига оммавий йиғилишлардан узоқроқ юриш тавсия этилади. 

Ҳозирги вақтда вирус юқтириш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 9 нафарга етган, у Хитойнинг бошқа провинцияларига ҳам тарқалиб, АҚШ, Таиланд ва Жанубий Кореяга кириб борди. 

«Қурбонлар сони уч кишига ошиб, тўққиз нафарга етди. Жами 440 кишида шу турдаги вирус аниқланган. Асосийси — Уханьга бормаслик. Ухандагилар, сизни шаҳарни тарк этмасликка чақираман», — деди ХХР давлат соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси ўринбосари Ли Бинь. 

Расмийнинг сўзларига кўра, 2019-nCoV деб номланган вирус, асосан, нафас олиш йўли орқали юқади.

«Вирус тарқалиши йўли ҳали қатъий даражада аниқланмаган бўлса-да, унинг мутацияга учраш эҳтимоли бор ва эпидемиянинг янада тарқалиши хавфи мавжуд», — деб қўшимча қилди Ли Бинь. 

Унинг айтишича, беморлар билан алоқада бўлган 2197та ҳолат аниқланган ва вируснинг «нафас олиш йўли билан юқиши» белгилари бор. Бундан ташқари, Уханда камида 15 нафар тиббиёт ходими беморлардан вирусни юқтириб олган. 

Расмийлар янги йилни нишонлаш пайтида Хитой бўйлаб миллионлаб кишилар саёҳат қилиши натижасида вирус тарқалиши кучайиши мумкинлигидан хавотирда. Шунингдек, минглаб хитойликлар чет элга саёҳат қилишади.

Уханда тирик парранда ва чорва моллари сотуви тақиқланди, шаҳарнинг энг йирик транспорт марказларида ҳавони шамоллатиш тизимлари кучайтирилди, аҳолидан ҳароратни ўлчаш талаб этилмоқда. 

«Биз касаллик ёввойи ҳайвонлар сотиладиган бозордан келиб чиққанини биламиз. Эҳтимол, бу вирус ташувчиси ҳайвон бўлган ва кейин одамга юққан», — дейди Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази директори Гао Фу. 

Мутахассислар инфекциянинг кўплаб ҳолатлари ҳали ҳам аниқланмай қолаётганидан ҳадикда. Лондон Империал коллежидаги инфекциялар глобал тарқалишини таҳлил қилиш маркази маълумотларига кўра, зарарланишлар сони 1700дан ошиши мумкин. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) чоршанба куни Эбола билан бўлганидек, вирус билан алоқадор халқаро фавқулодда вазият эълон қилиши кутилмоқда.

Янги вирус ҳақида нималар маълум?

  • 2019-nCoV вируси ҳали одамларга юқмаган коронавируснинг бир вариантидир. 
  • Коронавируслар — 38 турдаги вирусларни ўз ичига оладиган вируслар оиласи, уларнинг олтитаси (ва янги вирус билан - еттитаси) одамга юқади.
  • Тадқиқотчиларнинг фикрича, вирус одамларга ҳайвонлардан юққан, аммо у одамдан одамга ҳам юқиши мумкин. 
  • Инфекцион белгилари орасида иситма, йўтал, нафас қисиши мавжуд. 
  • Одамларга ҳайвонларга тегинмаслик, етарли даражада қайнатилмаган ёки қовурилмаган гўшт ва тухумлардан сақланиш ва шунингдек шамоллаш ёки грипп белгилари бўлган одамлар билан алоқа қилмаслик тавсия этилмоқда.
Мавзу
Хитой коронавируси
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top