11:15 / 15.02.2020
0
22899
Ухан аҳолисига ўз туманларидан чиқиш чекланди

Шаҳарнинг бир қисмидан бошқасига фақат жиддий сабаблар билан ўтиш мумкин

Фото: AP Photo/Kin Cheung

Ухан маъмурияти коронавирус тарқалиши авж олган шаҳарда карантин режимини кучайтирди. Партия раҳбарияти томонидан эълон қилинган қарорга мувофиқ, 14 февралдан фуқароларнинг ўз туманларидан чиқишига чеклов қўйилди.

Янги қоидаларга кўра, ҳар бир киши тана ҳарорати ўлчаб бориладиган ягона назорат-ўтказиш пункти орқали шаҳарнинг бир қисмидан бошқасига ўтиши мумкин бўлади. Расмийларнинг алоҳида таъкидланишича, назорат пунктидан ўтиш учун жиддий сабаб бўлиши керак. Шифокор кўрсатмаларига биноан шаҳарнинг бошқа қисмига бориши керак бўлган фуқаролар учун истисно қилинади.

Хабарда айтилишича, ушбу чора касаллик янада тарқалишининг олдини олиш учун зарурдир.

Хитой Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, фақат сўнгги бир сутка ичида Хубэй провинциясида 139 киши коронавирусдан вафот этди, Уханда 107та ўлим ҳолати қайд этилди. Худди шу шаҳарда кўплаб янги касалланиш ҳолатлари рўйхатга олинди.

Айнан Уханда коронавирус дастлабки бор ўтган йилнинг декабрь ойи охирида аниқланди. Ўшанда шаҳардаги денгиз маҳсулотлари бозори касалланиш манбаи деб тахмин қилинганди.

Аввалроқ, Хитойда коронавирус қурбонлари сони 1500дан ошгани хабар берилганди.  

Мавзу
Хитой коронавируси
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top