15:06 / 08.12.2020
5460

Ўзбекистон ва Туркия қурилиш муҳандислиги соҳасида мутахассислиги бор мигрантларни иш билан таъминлашга келишиб олди

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Туркиянинг «Sigma Muhendislik» компанияси вакиллари билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: KUN.UZ

Музокарада Туркия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар, шунингдек меъморчилик ва қурилиш муҳандислиги соҳасида мутахассислиги бор меҳнат мигрантларини иш ўринлари билан таъминлаш тўғрисида келишувга эришилди.

Туркия компанияси вакиллари юқоридаги йўналиш бўйича мутахассисларни қайта тайёрлашни ташкил қилишга ҳам тайёр эканини билдирди.

Бош консулхона Туркияда бўлиб турган, архитектура ва қурилиш бўйича маълумотга эга бўлган фуқаролар, жумладан, талабалардан консулхонанинг uzbekconsul@yahoo.com электрон почта манзилига резюме ва ўзи ҳақида маълумот юборишни сўраган.

«Sigma» Туркиянинг инновацион қурилиш соҳасидаги етакчи муҳандислик ва консалтинг компанияларидан бири ҳисобланади. 30 йилдан бери фаолият юритаётган компания муҳандислик, дизайн, йирик қурилиш лойиҳаларини бошқариш ва консалтинг масалаларида Туркия ва дунёнинг етакчи турдош тузилмалари билан ҳамкорлик қилади.

Top