Вазирнинг айтишича, бунинг учун «Лицензия» ахборот тизими ишлаб чиқилади.

Натижада барча лицензия, рухсатнома ва хабарномаларни олишга ҳужжатларни ягона портал орқали топшириш, кўриб чиқиш ва уни бериш амалиёти йўлга қўйилади.

Давлетов шу йилнинг августида қабул қилинган президент фармони асосида, 1 январдан бошлаб лицензиялаш соҳасидаги кўплаб муаммоларга нуқта қўйилишини қайд этди.

266 та лицензия турларидан 70 таси бирданига бекор бўлади ёки муқобил шаклга ўтказилади. Рухсатномалардан эса 34 таси бекор бўлади ёки муқобил шаклга ўтказилади.

Шунингдек, лицензия ва рухсатномаларни махсус қоғоз бланкаларда расмийлаштириш амалиёти бекор қилиниб, QR-код қўйилган электрон ҳужжатлар тақдим этиш йўлга қўйилади.

Президентимизнинг жорий йил январь ойида Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида тадбиркорларни кўп қийнайдиган соҳа – лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тартибларини жиддий ўзгартириш ҳақида топшириқлар берилган эди.

Топшириққа асосан вазирлик томонидан соҳа мутахассислари ва тадбиркорларнинг таклифлари асосида бизнес муҳитни яхшилашга қаратилган тизимли ишлар олиб борилди.

«Муқобил шакл – бизнес фаолиятини тартибга солишда хабардор қилиш тизими ҳисобланади. Бу тизим бизнес субъектлари фаолиятини тартибга солишда Ўзбекистонда илк маротаба қўлланилмоқда.

Муқобил шакл асосида, тадбиркор ўз ички тизимини қонунга асосан йўлга қўйиб, фақат давлатни хабардор қилади ва уни талабларга мос ёки мос эмаслиги текширилмайди. Автоматик равишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш имконияти пайдо бўлади.

Бу ерда бизнес ва давлатнинг орасида янги бўғин шаклланади. Аралашувсиз, ортиқча текширувларсиз, электрон тарздаги муносабат асосида фаолият бошлаш имконияти бериляпти.

17 та лицензия оладиган фаолият ва 14 турдаги рухсатномалар – жами 31 та ҳолатда шундай хабардор қилиш тизими орқали ўзининг фаолиятини бошлаш мумкин», – деди вазир 2020 йил якунлари бўйича берган интервьюсида.

Таъкидланишича, шу орқали маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишдаги коррупцион ҳолатлар чекланади, тадбиркорларнинг Тошкент шаҳрига келиб-кетиши билан боғлиқ вақт ва молиявий харажатлари иқтисод қилинади, давлатнинг махсус бланкаларни олишга бир йилда йўналтирадиган 13 млрд сўмдан ортиқ маблағлари тежалади ва қарийб 3,5 млн дона қоғоз сарфининг олди олинади.