09:59 / 29.04.2021
7302
ДСҚ вакили молиявий жаримани ҳудудлар имкониятидан келиб чиқиб белгилаш таклифига муносабат билдирди

Бугунги кунда корхоналарга солиқ органлари томонидан белгиланадиган молиявий жарима миқдори барча ҳудудлар учун бир хил – 5 миллион сўмни ташкил этади. Ҳудудлар имкониятидан келиб чиқиб, молиявий жарима миқдорини табақалаштириш масаласига ДСҚ расмийси муносабат билдирди.

27 апрел куни AОКAдаги матбуот анжуманида тадбиркор ижтимоий тармоқлар орқали молиявий жарима миқдорини ҳудудлар имкониятидан келиб чиқиб белгилаш таклифини билдирди.

Мурожаатчининг сўзларига кўра, солиқ органлари томонидан корхоналарга қўлланиладиган молиявий жарима миқдори бир хил белгиланган. «Жарима миқдорини ҳудудлар имкониятидан келиб чиқиб диверсификация қилиш кераклиги тўғри бўлмайдими, ахир Тошкент шаҳридаги корхоналар билан чекка ҳудуддаги корхоналар имконияти бир хил эмас», дейди у.

ДСҚ тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Баҳодир Aбибуллаевнинг таъкидлашича, ҳар йили молиявий жарима миқдори солиқ сиёсатини белгилаганда Молия вазирлиги билан биргаликда қабул қилиниб, Олий Мажлис томонидан белгиланади.

«Солиқ кодексида белгиланган молиявий жарима миқдори ҳозирча бир хил – беш миллион сўм этиб белгиланган. Aгар таклифлар бўладиган бўлса, қайта кўриб чиқилиши мумкин. Тўғри, ҳамма ҳудуднинг ҳам молиявий имконияти бир хил эмас, аммо ҳар бир ҳудудга белгиланган молиявий жарима миқдорини ажратишнинг ўзи нотўғри бўлгани сабабли жарима бир хил этиб белгиланган», – деди у.

Солиқ қўмитаси вакили Шавкат Турдиевнинг қўшимча қилишича, қонунбузилиш ҳолати сайёр текширув жараёнида аниқланса, 5 миллион сўм жарима кўзда тутилган, бироқ солиқ тўловчи қонунбузилиш ҳолатини 10 кун ичида бартараф қилса, жариманинг ярмини, яъни 2,5 миллион сўм тўлайди.

Aввалроқ, ижтимоий солиқ бўйича қонунчиликка янгилик киритилгани маълум қилинганди.

Top