16:40 / 04.06.2021
12137
Ёз бўлишига қарамай, Туркиянинг айрим ҳудудларида қор ёғди

Туркиянинг Қора денгиз соҳилларида жойлашган қатор ҳудудларида қор ёғиши кузатилди.

Қора денгиз соҳилидаги Туркиянинг бир неча вилоятида 3 июн, пайшанба куни қор ёғди. Бу провинцияларда кучли ёмғир сабаб сув тошқинлари ҳам кузатилган.

«Кеча об-ҳаво чиройли эди. Эрталаб уйғонганимизда ҳаммаёқ қор билан қопланганини кўрдик. Бу қиш эмас, балки ёз, июн ойи!» – дейди Ризе вилоятининг Каврун Яйласи қишлоғида яшовчи фуқаролардан бири TRT Haber телеканалига берган интервьюсида.

Қор ёғиши асосан Қора денгизнинг Ардахон, Ризе, Болу вилоятларидаги бир қатор баланд тоғли қишлоқларда кузатилган. Ҳатто мамлакат марказидаги Кайсери вилоятида жойлашган машҳур тоғ чанғи курорти ҳам қор билан қопланган.

Туркиянинг ғарбий қисмида жойлашган Бурса шаҳри яқинидаги Олимп тоғида ҳам 5 сантиметрлик қор ёғган. Маълум қилинишича, бу ҳудудда ўтган ҳафта давомида ҳарорат 30 градусдан юқори бўлган эди.

Туркиянинг Метеорология Бош бошқармаси бутун Қора денгиз соҳилида яшовчи фуқароларни кучли ёмғирдан огоҳлантириб, эҳтиёт чораларини кўришга чақирган.

Top