18:30 / 29.06.2021
4971
«Айрим давлат идораларига ҳали етиб бормаган» — ДХА расмийси билан бюрократияни камайтирувчи фармон ижроси бўйича суҳбат

Давлат хизматлари агентлиги директори ўринбосари Нўъмон Муҳаммадиевнинг айтишича, 1 июндан 18 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш амалиёти бекор бўлиши натижасида фуқароларнинг 20 млрд сўмдан ошиқ маблағи тежаб қолинмоқда. ДХА расмийси Kun.uz’га берган интервьюсида 18 турдаги ҳужжатларни олиш учун 2020 йилда 1,5 млн сўров бўлганини таъкидлади.

– 2021 йил 23 мартда қабул қилинган 6191-сонли президент фармонида 2021 йил 1 июндан давлат органлари бундан буён фуқаролардан паспорт нусхаси, 3х4 сурат, кадастр ҳужжати, меҳнат дафтарчаси каби 18 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилиниши белгиланган эди. Фармонда белгилаб берилган мазкур вазифалар ижроси таъминланяптими?

– Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида бир қанча ишлар олиб борилди, шулардан бири лицензия ва рухсатномалар бериш тартиби бекор қилинди, ёки маъмурий тартиб-тамойилларга ўтишдаги муддатлар қисқартирилди.

Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимиятлари томонидан талаб қилинадиган бир қанча маълумотномалар бекор қилинди. Лекин шунга қарамай, бугунги кунда идоралараро электрон тарзда ҳужжат алмашинуви имконияти бўлса-да, қоғоз кўринишида ишлаб келиш амалиёти ҳамон давом этмоқда.

Шу каби ҳолатларни тартибга солиш мақсадида президент фармони қабул қилинди. Унга кўра, 2021 йил 1 июндан бошлаб наркодиспансер, руҳий касалликлар диспансери, судланганлик, никоҳда туриш-турмаслик ва бошқа шу каби 18 турдаги ҳужжат давлат органлари ва бошқа давлат ташкилотлари томонидан талаб қилиниши тартиби бекор қилинди.

Ўтган йилларда биргина никоҳда бўлган-бўлмагани ҳақидаги маълумотнома бир йилда 360 минг марта талаб қилиб олинган. Белгиланган 18 турдаги ҳужжатларни олиш учун 2020 йилда 1,5 млн сўров бўлган. Фармон қабул қилиниши натижасида фуқароларнинг 20 млрд сўмдан ошиқ маблағи тежаб қолиняпти. Бир томондан фуқароларнинг шу 1,5 млн марта мурожаат учун келган вақти ва йўл харажати, иккинчи томондан ўша ҳужжатни олиш учун давлатга тўлайдиган пули ёнида қоляпти.

Маълумки, ДХА давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида давлат сиёсатини олиб боради. Июнь ойининг 20 куни бўйича мониторинг олиб бордик. Ўрганишларда маълум бўлишича, 75 мингта ҳолатда маълумот сўралган, шундан 45 мингтаси бевосита давлат идоралари томонидан фуқаролардан талаб қилиб олинган.

Фармонда эса 1 июндан бекор қилиниши, акс ҳолда қонун бузилиши деб қаралиши кўрсатилган. Шунингдек, туман ва шаҳарлардаги айрим давлат идораларининг ушбу фармондан ҳали-ҳануз хабардор эмаслиги, интернет тармоғи ишламаслиги ёки тегишли ахборот тизимлари ишламагани важ қилиб келтирилган. Гўёки фуқаронинг «иши битиши» учунгина қоғоз ҳужжатлар талаб қилинганини айтишган.

Қайси ташкилот томонидан сўралиши тақиқланган маълумотлар талаб қилинган бўлса, уларга огоҳлантириш берилди. Июль ойида яна мониторинг ўтказилади ва ҳолат такрорланса, агентлик ваколатига киритилган жавобгарликка тортиш функцияси орқали қаттиқроқ чоралар қўллаймиз.

Давлат хизматлари агентлиги директори ўринбосари Нўъмон Муҳаммадиев

– Ташкилотлар ўзаро маълумот алмашаётганда фуқароларнинг шахсий маълумотлари дахлсизлигини таъминлаш қай даражада амалга оширилади?

– «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунда фуқаро тўғрисидаги маълумотларни жисмоний ва юридик шахслар томонидан ошкор қилиниши тегишли жавобгарликка сабаб бўлиши назарда тутилган. Маълумотларни ўзаро алмашиш жараёнида хавфсизлик масаласига икки томондан ёндашиш мумкин. Биринчиси, техник жиҳат. Бунда давлат идоралари маълумот алмашганда ҳукуматнинг ёпиқ каналлари орқали амалга оширилади ва бунда хавфсизлик юқори даражада таъминланади. Бу борада ҳеч қандай муаммо ёки хавотир йўқ.

Иккинчиси, давлат идоралари ходимларининг ушбу жараёнга қандай ёндашиши масаласи. Бунда ходим ўз ишига инсоф билан ёндашиши керак. Бу ҳар бир инсоннинг виждонига ҳавола. Шу билан бирга, давлат идоралари билан ахборот махфийлигини сақлаш нуқтайи назаридан келишув амалга оширилган ва уларнинг ходимларига ҳуқуқ ва бурчлари тушунтириб ўтилган.

Янгилик сифатида айтишим мумкинки, ДХМлар орқали кўрсатиладиган хизматларда бу тизимни жорий қилганмиз, яъни давлат органлари электрон ҳукумат орқали фуқарога тегишли маълумотларни сўраганда ўзи тўғрисидаги қайси маълумотлар сўралаётганини кўриб туриш имкони яратилган. Бунинг учун фуқарода шахсий кабинет очилади ва қайси ташкилот қандай маълумотни олаётгани кўриниб туради.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди

Top