11:04 / 08.07.2021
19165
Мактабгача таълим вазирининг яна бир ўринбосари ўзгарди

Мактабгача таълим вазирлигида вазир ўринбосарлари таркиби тўлиқ янгиланди.

Шодиёр Маматқулов бошқа ишга ўтиши муносабати билан мактабгача таълим вазирининг ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Нодир Муслитдинов мактабгача таълим вазирининг янги ўринбосарига айланган.

Нодир Муслитдинов

Нодир Муслимдинов 1977 йилда Бухоро вилоятида туғилган, миллати ўзбек. Олий маълумотли, 1999 йилда Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтини тамомлаган.

2001 йилдан Молия вазирлиги тизимидаги ташкилотларда ишлай бошлаган. 2014-2016 йилларда Молия вазирлиги ижтимоий соҳа ва фанни молиялаштириш бош бошқармаси Маданият ва спортни молиялаштириш бўлими бошлиғи, 2016-2017 йилларда Молия вазирлиги ижтимоий ва илмий молиялаштириш бош бошқармаси бошлиғи муовини, 2017-2019 йилларда Молия вазирлиги ижтимоий ва илмий молиялаштириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, 2019-2020 йилларда Молия вазирлиги ижтимоий ва илмий молиялаштириш бош бошқармаси бошлиғи каби турли раҳбар лавозимларда ишлаган.

У 2020 йилда Молия вазирлигининг ижтимоий соҳа, фан ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш объектларида бюджет сиёсати департаменти директори бўлган, 2020 йил охиридан буён Молия вазирлигининг аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва давлат ижтимоий хизматлари соҳаларида бюджет сиёсати департаменти директори сифатида ишлаб келаётганди.

Шодиёр Маматқулов 2018 йилнинг майидан буён мактабгача таълим вазирининг молиявий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Шодиёр Маматқулов

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 24 май куни ҳудудларда мактабгача таълим муассасалари қамровини кенгайтириш масалалари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказгани, вазирнинг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Олимов ишдан олингани хабар қилинганди.

Июнь ойи бошида Мактабгача таълим вазири ўринбосари Мақсуджон Йўлдошев ҳам ишдан кетди. Унинг ўрнини 2017 йил июнидан буён Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг фан ва инновациялар бўйича ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Узоқбой Бегимқулов эгаллади. Қаҳрамон Олимов ўрнида эса Вазирлар Маҳкамасида фаолият юритиб келган Баҳодир Анорбоев иш бошлади.

Бундан олдинроқ маданият вазири ўринбосари Камола Акилова, қурилиш вазири ўринбосари Козим Тўлаганов ва транспорт вазири ўринбосари Акмал Мирзаев лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар қилинганди.

Top