16:20 / 18.10.2021
5771
Сурхондарёда ЙПХ инспекторига пора беришга уринган фуқаро ушланди
Фото: ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида ЙПХ инспекторига пора беришга уринган фуқаро қўлга олинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 17 октябрь куни соат 8:00 ларда Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХО 4-сафарбар гуруҳ катта инспектори катта сержант Ў.Бердиев Жарқўрғон-Қумқўрғон йўналишида ҳаракатланаётган «ГАЗ-53» юк машинаси давлат рақам белгисини тақиб юриш талабларини бузганлиги учун тўхтатиб, ҳайдовчидан тегишли хужжатларини сўраган.

Ҳайдовчи шахсини тасдиқловчи ва автомашинани бошқариш ҳуқуқини берувчи хужжатларини тақдим эта олмаган. Шундан сўнг ЙПХ инспектори тегишли тартибда далолатнома тузиб, машинани вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирган.

Орадан бироз ўтиб ҳайдовчининг акасиман деб ўзини таништирган фуқаро З. И ЙПХ инспекторининг ёнига келиб машина бошқа бировники экани, укаси уни ишончномасиз бошқариб келганини, укасига нисбатан расмийлаштирилган баённомани йўқ қилиб, машинани жарима майдонидан чиқариб беришини сўраб, эвазига 1 миллион сўм пора таклиф қилади.

Ўз навбатида ЙПХ инспектори ҳайдовчига пора бериш жиноят эканини тушунтиради. Аммо ҳайдовчи унга тўхтовсиз пора таклиф қилаверганидан сўнг ҳайдовчига нисбатан тегишли тартибда чора кўришни сўраб вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги берган.

Қайд этилишича, шу куннинг ўзида ИИВ ШХББ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Жарқўрғон тумани прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Гумондор З.М. Жарқўрғон тумани ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган катта сержант Ў.Бердиевга 970 минг сўм миқдордаги пулларни пора тариқасида бераётган вақтида қўлга олинган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда фуқаро З.М.га нисбатан Жарқўрғон туман прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Top