12:50 / 04.04.2022
10722
Избосканда фермерларга арча кўчати олиб келиш буюрилди. Кўчатлар Қорақалпоғистон учун
Фото: Ижтимоий тармоқлар

Андижон вилояти Избоскан туманида фаолият олиб борувчи фермерларга туман ҳокими Серобиддин Исмоилов томонидан Қорақалпоғистонга олиб кетиш учун 20 тупдан арча кўчати олиб келиш топшириғи берилган.

Топшириқ 28 март куни барча фермерларга бир вақтда юборилган. Kun.uz мухбирининг мазкур хабар бўйича туман ҳокимлиги матбуот хизматидан изоҳ олиш учун уринишлари бесамар кетди.

Фермерларга юборилган смс-хабарда шундай ёзилади: «Эртага соат 10:00 да туман қишлоқ хўжалиги идорасига 20 тадан арча кўчати ОЛИБ келинг. Қорақалпоққа, ҳоким топшириғи».

Kun.uz мухбири фермерларга ушбу смс хабарни юборган рақам эгаси билан телефон орқали гаплашди. Ўзини   Оятилло деб таништирган шахс туман қишлоқ хўжалиги бўлими ходими эканини, ушбу хабар фақат бир кишига юборилиши керак бўлгани, аммо хатолик туфайли барча фермерларга кетиб қолганини айтган.

Аммо, Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган фермер ушбу топшириқ фермерларнинг телеграмдаги гуруҳига ҳам ташланганини ва кўп ўтмай ўчириб юборилганини таъкидлади.

Суриштирув давомида маълум бўлдики, Избоскан туманига Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманидаги «Жузим боғ» ОФЙ бириктирилган. Кўчатлар ҳам айни шу ҳудудга олиб кетилиши белгиланган.

Маълумот учун, Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга яқиндан ёрдам бериш Андижон вилояти фаолларига юклатилган.

Шу кунларда Андижон вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация Кегейли туманида бўлиб қайтди.

Бу Андижон вилоятида ҳокимлар томонидан ташкилотларга мажбурий кўчат солиқлари солиниши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Аввалроқ «Яшил макон» акцияси доирасида Хонобод шаҳри ҳокими томонидан ташкилотлардаги ходимларга 20 тупдан павловния кўчати олиб келиш топшириғи берилгани хабар қилинганди.

Мазкур хабарга шаҳар ҳокимлиги ҳам, вилоят ҳокимлиги ҳам муносабат билдирмаганди.

 

Top