Ўзбекистон | 21:28 / 27.08.2022
25068
12 дақиқада ўқилади

Ошкора қотиллик, пойгакдаги халқ, имтиҳондан йиқилган таълим — ҳафта дайжести

Хотинини бўғгани жазосиз қолган эркак кейин уни бўғизлади: кимдир ўзи билиб истеъфо бермайдими? Бири фуқарони пойгакда қабул қилди, иккинчиси терговга аралашгани айтиляпти: ҳокимлар сайланмаслиги наҳотки аниқ? 550 минг абитуриент тестда “1” баҳо олди: таълимга бундан ортиқ баҳо борми? Якунланаётган ҳафтанинг шу ва бошқа мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Зулмга тоқатли жамиятимиз учун одатий ҳол. Фаолларга эса яна бир даҳшат

Ўзбекистонда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоялаш тизими эскириб, мутлақо яроқсиз ҳолатга келиб, чидаб бўлмас даражада чириб кетган. Бу чирикнинг ҳиди анқимаган куннинг ўзи йўқ. Минг афсус, бу қўланса тизимнинг қурбонлари яна биттага ортди.

Чоршанба куни Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида 31 ёшли эр 24 ёшли хотинини аёвсиз дўппослади. Эркакнинг калтагидан қочган аёл кўчада кўзи тушган дарвозага ўзини урган, боғчага кириб яширинмоқчи бўлган. Ортидан кириб келган эри боғча болалари кўз ўнгида хотинини калтаклаб, бўйнидан бўғган.

Видеодан кадр

Шу куни воқеадан кейин нима бўлгани ҳозирча аниқмас. Фақат битта нарса аниқ: куппа-кундузи содир этган жиноятидан кейин эркакка жин ҳам урмаган!

Бундан ҳам аянчлиси бир неча соатдан кейин рўй берган. Эр қайнотасининг уйига эшикдан ошиб тушиб кирган, хотини ётган хонага кириб унинг бўйнига пичоқ тортган. Аёл ўлган, эркак қамоққа олинган.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Воқеа бўйича биринчи навбатдаги жавобгар – Ички ишлар вазирлиги сукут сақлаяпти. Қотил хотинини ҳайвондек бўғиб калтаклаганидан кейиноқ нега шу заҳоти қамоққа олинмаган? Профилактика инспекторларининг вазифаси жиноятларни профилактика қилишми ёки жиноятлар статистикаси ошиб кетмаслиги учун ҳамма нарсани ёпди-ёпди қилишми? Прокуратура бу воқеада ички ишлар ходимларининг ҳаракатларини ҳам албатта текшириши керак.

Умуман, эр-хотинга одобнома дарсини ўтиш, зўрма-зўраки яраштириб қўйиш, фақат жабрланувчи ариза берсагина иш қўзғатиш каби ҳеч қачон ишламаган принциплар билан зўравонликка қарши курашиб бўлмаслиги минг марта исботланди. Яна қанча исбот керак?

Хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла ва ҳоказолар билан натижага эришолмадик, бундан кейин ҳам эришолмаймиз. Уларнинг ўрнига жуда катта ваколатларга эга, мустақил, профессионал, ягона ижтимоий ҳимоя органи тузилиши шарт. Унинг раҳбариятига эса бюрократ чол-кампирларни мутлақо яқинлаштирмаслик керак.

Оддий фуқаронинг ўрни пойгакдами?

Фото: Андижон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Ҳафта давомида шов-шув бўлган воқеалардан яна бири Андижон тумани ҳокимининг сайёр қабуллари бўлди. Абдужаббор Эгамбердиев туман фуқароларини айвончанинг тўрида ўтирганича қабул қилди, фуқароларга эса пойгакдан жой берилди.

Интернет фойдаланувчилари бу ҳолатни ўрта асрлардаги хонликлар даврига қиёслади. Айримлар президент амалдорларни халққа яқин бўлишга чақираётганини эслатди. Яна бошқалар эса буни ҳокимлар сайланмаганининг яна битта оқибати деяпти.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, ҳокимлар сайлови масаласи яқин орада узил-кесил ёпилиши мумкин. Агар Конституциянинг 21-бобига таклиф этилган ўзгаришлар қабул қилинса, ҳокимлар сайлови бўлмайди. Фақат, уларнинг маҳаллий кенгашларга раислик қилишига барҳам берилади. Кенгашларга бошқа раислар сайланади.

Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, кенгаш раислиги учун алоҳида сайлов ўтказилмаслиги мумкин. Яъни раисларни кенг сайловлар орқали эмас, кенгаш депутатлари орасидан сайлаш таклиф этиляпти. Бу эса амалда кўп нарса ўзгаришсиз қолади дегани.

Андижонга қайтсак. Сайланмаган ҳокимнинг бу зайлда қабул ўтказиши давлат хизматчиларининг этикасига қанчалик тўғри келиши ҳақида юқори турувчи бирор ташкилотдан садо чиқмади. Ҳокимнинг матбуот котиби эса қабул вақтида ижтимоий масофа сақланганини даъво қилди. Лекин, коронавирус даври аллақачон ортда қолганини инобатга олсак, ҳокимнинг йўриғи ижтимоий масофа сақлаш эмас, ижтимоий мавқени сақлашга ўхшаб қолган.

Таълим сифатини ўрганиш учун тадқиқот ҳам шартмас: 550 минг абитуриент тестдан “1” баҳо билан чиқди

Фото: Kun.uz

Бакалавриатга қабул имтиҳонлари ўтган ҳафта якунланган эди. Тест синовларида 1 млн 73 минг абитуриент қатнашди. Уларнинг бор-йўғи ўндан бири ўқишга киради.

Талабгорлар сонига нисбатан квоталарнинг жудаям камлиги битта муаммо бўлса, иккинчи муаммо – олийгоҳда ўқишга муносиб ёшларнинг камлиги. Гап шундаки, бу йил тестларда қатнашган абитуриентларнинг 51 фоизи, яъни ярмидан кўпи ҳатто минимум ўтиш баллини ҳам йиғолмаган.

Минимум ўтиш балли – максимал баллнинг 30 фоизи дегани. Буни академик рейтинг тизимига қиёсласак, максимал 189 баллдан 56,7 баллни ҳам йиғолмаслик – “1” баҳо дегани. Яъни имтиҳонларда абитуриентларнинг ярмидан кўпи ва уларга қўшиб Ўзбекистондаги таълим тизими ҳатто “2” баҳо ҳам ололгани йўқ.

Яқин йилларда 11-синф битирувчиларидан якуний аттестация олиш Давлат тест марказига ўтказилади. Агар синовлар август имтиҳонларидек шаффоф бўлса, мактаб битирувчиларининг катта қисми давлат аттестатини қандай қилиб олади, очиғи ҳайронмиз.

ШҲТ саммитига тайёргарлик авжида

Самарқанд туманидаги халқаро туризм маркази / Фото: Kun.uz

Мактабларга доир яна бир янгилик. Самарқанд шаҳридаги барча мактабларда дарслар 5 сентябр эмас, 20 сентябрдан бошланиши эҳтимоли бор. Унгача дарслар 2 ҳафта давомида онлайн ўтиб турилиши мумкин.

Сабаби – кейинги ой шаҳарда Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтади. Шу туфайли Самарқанддаги олийгоҳларда ҳам ўқиш сентябр ойининг охирида бошланади.

Саммит 15-16 сентябр кунлари бўлиб ўтади ва унда кўплаб давлатлар раҳбарлари жам бўлади. Шу ҳафта маълум бўлишича, меҳмонлар қаторида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам бўлади. У Самарқандда Сурия президенти Башар Асад билан учрашиши ҳақида чет эл нашрларида тарқалган хабарлар расман рад этилди.

Сешанба куни саммитга тайёргарлик доирасида Самарқанд шаҳридаги халқаро туризм маркази очилди. Марказ “Боқий шаҳар” ансамбли, Конгресс ҳолл, меҳмонхоналар, ресторанлар, ҳунармандлар устахоналари, амфитеатр ва бошқа объектларини ўз ичига олган. Президент Шавкат Мирзиёев бу ер келгусида бутун Самарқанднинг “ташриф қоғозига айланиши”ни айтди.

Президентга янги маслаҳатчи, Қорақалпоғистонга янги раҳбар

Шавкат Мирзиёев ва Аманбай Оринбаев / Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳафта давомида юқори доираларда учта муҳим лавозим ўзгариши рўй берди. Сардор Умрзоқов раҳбар бўлган Президент администрациясида ўзгаришлар давом этяпти. Администрациянинг Назорат инспекциясига янги бошлиқ тайинланди. Бу лавозимни Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари Саидлазиз Саидкаримов эгаллади. Унга президент топшириқлари, қарор ва фармонлари ижроси устидан назоратни кучайтириш асосий вазифа қилиб қўйилди.

Кўп ўтмай президентнинг ижтимоий соҳаларга масъул маслаҳатчиси ҳам алмаштирилди. 66 ёшга тўлаётган Абдужаббор Абдувоҳидов бу лавозимни 4 йилдан бери эгаллаб келаётган эди. Йиғилишда айнан у кураторлик қилаётган таълим ва тиббиёт соҳалари бўйича аҳолида жуда кўп норозиликлар борлиги айтилган.

Абдувоҳидовнинг ўрнига Транспорт университети ректори Одил Абдураҳмонов тайинланди. У администрацияда аввал ҳам бир неча йил ишлаган, бир муддат олдин Абдужаббор Абдувоҳидовнинг ўринбосари бўлган.

Бу тайинловларнинг эртасига президент Нукусга борди ва Қорақалпоғистонга янги раҳбар сайланди. Жўқорғи Кенгес раиси лавозимида салкам 2 йил ишлаган Мурат Камалов 1-2 июл воқеаларидан икки ой ўтиб ишдан олинди. Йиғилишда президент Қорақалпоғистон раҳбариятини ҳудудга ажратилаётган катта-катта маблағларни самарасиз ишлатишда айблади. Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, 2 ой олдинги воқеаларга аҳолининг айрим муаммоларига ечим топилмагани ҳам сабаб бўлган.

“Бу ердаги айрим адолатсиз, нопок раҳбарлар халқни рози қилиш деган эзгу тушунчани ҳали англаб етмаган”, деди президент.

Жўқорғи Кенгес раислиги Қорақалпоғистоннинг собиқ ички ишлар вазири Аманбай Оринбаевга топширилди. Шу билан бирга, ҳудуд аҳолиси учун имтиёзларнинг янги пакети эълон қилинди. Камбағалларга 600 минг сўмдан пул тарқатилади, қорақалпоғистонлик ёшларга олийгоҳда ўқиши учун алоҳида 6,5 мингта квота ажратилади, Қорақалпоғистон ҳудудида фойда солиғи, айланмадан солиқ, мулк-мулк ва ер солиқлари 2 баробарга камайтирилади.

Тўра Боболов ва прокурор воқеасининг давоми

Фото: Kun.uz

Кадр ўзгаришларининг навбатдагиси Сурхондарёда бўлиши мумкин. Шу ҳафта вилоят ҳокими Тўра Боболовнинг яна бир аудиоси тарқатилди. Унда ҳоким мутасаддилардан мажбурий обунани ташкил этишни талаб қилгани эшитилади.

Ҳокимнинг матбуот хизмати бунга жавобан обуна масаласида гўёки ҳаммаси қонун доирасида бўлаётганини иддао қилиб, “пашшадан фил ясамаслик”ка чақирди. Ҳеч ким ўқимайдиган маҳаллий газеталарга мажбурий обуна – алоҳида мавзу, лекин бу аудиода ҳам прокурорга қарата айтилган гапларнинг вазнини асло пашшага қиёслаб бўлмайди.

Боболов Ангор прокурори Сирожиддин Рамазоновни томошабин бўлиб турганликда айблаб, шу кетишда “у болани томошабин қилиб ташлаши”ни айтган. Ўтган ҳафтадаги аудиода, эслатиб ўтамиз, вилоят ҳокими Рамазоновни бўралатиб сўккани маълум бўлганди. Кейинроқ у коррупционер синфдошини прокурордан ҳимоя қилган бўлиши мумкинлиги ойдинлашди.

Бош прокуратура аудио бўйича текширув натижаларини ҳозирча очиқламади. Бир пайтлар Шуҳрат Ғаниевни тартибга чақирган ва уни “ўтиниб-ўтиниб” узр сўрашга мажбурлай олган Сенатнинг этика қўмитаси бу сафар сукут сақлаяпти.

“Бўлди энди” — ҳоким ва прокурорлар энди расман ерни олиб қўёлмайди

Фото: Kun.uz

Ҳокимлар мавзусидаги яна бир янгилик. Адлия вазирлиги ташаббуси билан қабул қилинган фармонга биноан, ер бериш ваколатидан айрилган ҳокимларнинг ерни олиб қўйиш ҳуқуқи ҳам бекор қилинди. Бундан ташқари, энди прокурорлар ҳам мулкий ҳуқуқларни протест орқали ўзлари бекор қилдира олмайди. Бундан буён мулкдан маҳрум этиш ва уни хатлаш билан боғлиқ барча қарорларни фақат судлар ҳал қилади.

Бу янгилик ҳақида ҳафта бошида Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан мулоқотида ҳам айтган эди. “Бўлди энди, бир ҳоким келади, иккинчиси унинг қарорини бекор қилади. Бу нима деган гап?” – деди президент.

Бу тадбирда 2023 йилдан бошлаб ҚҚС ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилиши аниқ бўлди. Бундан ташқари, корхоналар тоифаларга ажратилиб, солиқ енгилликлари бериладиган бўлди. Тадбиркорларга нисбатан янги жавобгарлик киритишга 3 йил мораторий эълон қилиниб, солиқ текширувлари билан боғлиқ жазолар енгиллаштирилади.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Фото: Kun.uz

Афғонистоннинг 24 нафар фуқароси чегарани бузиб, Ўзбекистонга ўтди. Улар Сурхондарёдаги Пайғамбар оролида ўзбек чегарачиларига қаршилик кўрсатган. Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, афғонлардан 2 киши ҳалок бўлган, 6 киши яраланган. Улар Ўзбекистоннинг чегара ҳудудида кўп ўсадиган қизилмия ўсимлиги илдизини олиб кетмоқчи бўлгани айтилмоқда.

Шавкат Мирзиёев Украина президенти Володимир Зеленскийни мамлакат мустақиллигининг 31 йиллиги билан табриклади. Давлат раҳбари ўзаро муносабатлар бундан кейин ҳам ривожланиб боришига ишонч билдириб, дўст украин халқига тинчлик ва фаровонлик тилади.

Бирор ҳафта йўқки, тарихий обидаларга зарар етказилгани маълум бўлмаган бўлса. Бу сафар навбат Қашқадарёдаги Кунжутлитепа ёдгорлигига етди. Ёдгорлик тўлиқ бузилиб, ундан чиққан тупроқ сотиб юборилган. Жиноятчи қамоққа олинди.

Самарқандлик 17 ёшли ўсмир Telegram'да сохта акция ўтказиб, 28 кишининг банк картасидаги пулларни ечиб олди. Нарпайлик йигит ўз “қурбонлари”га улар гўёки “Samsung А-72” телефонини ютиб олганини айтиб, карта маълумотлари ва телефонига келган SMS'даги кодни сўраган. Яна бир бор огоҳлантирамиз, сизни нима деб аврашларидан қатъи назар, SMS бўлиб келган махфий рақамларни ҳеч кимга айта кўрманг. Шу оддийгина қоидага риоя қилмаган минглаб одамларнинг пластиги “қовоққа айланиб қоляпти”.

Мавзуга оид