“Кўзимизни мошдек очадиган вақт” — ҳафта дайжести
Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган энг муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.

“Ҳазиллашмаётган” Прилепин
Россия армияси охирги пайтларда Украина фронтида ташаббусни қўлга олишга муваффақ бўлаётгани рус сиёсатчилари ва пропагандачиларига кўтаринки руҳият бахш этяпти. Улар ўзларидаги ана шу кўтаринки кайфиятни иқтисодий муаммолар гирдобида қолган оддий россияликларга ҳам кўчириш, инсон ҳуқуқлари ва бошқа соҳалардаги аҳволдан уларни чалғитишга зўр беряпти. Бугун Россияда жамики муаммоларга мигрантларни айбдор қилиб кўрсатиш ва СССРни тиклаш ҳақида борган сари кўпроқ, борган сари баландроқ овозда гапириляпти.
Шундай баёнотлардан навбатдагиси “Справедливая Россия” партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг тилидан янгради. У Москвадаги матбуот анжуманида фуқаролари Россияга бориб ишлаётган давлатларни Россия таркибига қўшиб олиб, мигрантларга ўша ернинг ўзида рус тилини ўргатиш кераклигини айтган ва мисол сифатида Ўзбекистонни тилга олган. “Мен жиддий гапиряпман, ҳазиллашаётганим йўқ”, деган Прилепин. Унинг бу сўзларини залда ўтирганлар қарсаклар билан кутиб олган.
Сиёсатчи сўзида давом этиб, СССР парчаланганини инкор қилиш мавзусини бундан кейин ҳам кўтаришда давом этишга ваъда берган. Унинг: “Киевдаги параддан кейин Евроосиё ҳудудида бирор нарса қилишни бизга ким тақиқлайди? Ҳеч ким”, деган гапларини тадбир иштирокчилари яна олқишлар билан қарши олган.
Унинг бу гапларидан кейин, Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Тошкентдаги элчиси Олег Малгиновни таклиф қилиб, бунақа баёнотлар икки давлат муносабатларига салбий таъсир қилишини билдирди. Ҳолатга Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова ҳам изоҳ бериб, Ўзбекистон ва Россия муносабатлари суверенитетни ҳурмат қилиш асосига қурилгани, Захар Прилепиннинг гаплари унинг шахсий фикри эканини айтди. Шу билан бирга, Россия томони Прилепиннинг баёнотини умуман қораламагани эътиборга молик.
Шу куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг Telegram-каналида Ўзбекистон Конституциясидан иқтибос эълон қилинди. “Ўзбекистон Республикаси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада Қуролли Кучларига эга”, дейилади Конституциянинг 153-моддасида. Лекин бу модданинг эслатиб ўтилиши Россия томонидан бўлаётган таҳдидларга қаратилгани тасдиқланмади. Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Отабек Йўлдошевнинг айтишича, бундай постнинг эълон қилиниши Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллигига тайёргарлик кўрилаётгани билан боғлиқ бўлган. Вазирлик матбуот хизмати Қуролли Кучлар фаолиятининг ҳуқуқий асослари ҳақида каналда яна бир қанча постлар чиқарилишини маълум қилди.
Захар Прилепиннинг гаплари Ўзбекистонда кенг муҳокамаларга ва хавотирларга сабаб бўляпти. Фаоллар охирги пайтларда кўпайиб кетган бундай баёнотларга дадилроқ ва кескинроқ жавоб қайтариш, расмий нота юбориш, Ўзбекистон суверенитетига тил теккизган бундай хорижлик шахсларнинг Ўзбекистонга киришини тақиқлаш, агар келиб қолса, аэропортданоқ депортация қилиб юборилиши ҳақида эълон қилишни таклиф этяпти. Москвадан келаётган таҳдидларга доимий муносабат билдириб келаётган саноқли депутатлардан бири Бобур Бекмуродов Захар Прилепинни Ўзбекистон Жиноят кодекси бўйича жиноий жавобгарликдан огоҳлантирди.
Бу воқеаларнинг эртасига, Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида сўзга чиққан президент Шавкат Мирзиёев “ҳозирги таҳликали вазиятда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган тўғри йўлни топиш осон бўлмаётгани” ҳақида гапирди.
“Илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Афсуски, бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркибий қисми бўлган мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти”, – деди давлат раҳбари.
Президент – давлат тили, миллий ўзлик ва сериаллар ҳақида
Шавкат Мирзиёев жума кунги йиғилишда давлат тилига эътиборни ошириш ҳақида ҳам гапириб ўтди. Унинг сўзларига кўра, келаси ўқув йилидан бошлаб, миллий сертификатга эга “Ўзбек тили ва адабиёти” фани ўқитувчиларига 50 фоизлик устама тўланади. Ўзбек тилидан бошқа тилларга ихтисослашган мактабларда давлат тилини ўқитиш соатлари 2-3 баробарга кўпайтирилади. Ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаси ташкил этилиб, ғолиб ва совриндорлар пул мукофотлари билан тақдирланади ва улар Ўзбекистондаги олийгоҳларга ўзбек тили филологияси йўналишида грант асосида ўқишга қабул қилинади.
Президент миллий ўзлик масаласига ҳам тўхталиб, невараларимиз қандай яшайди деган саволни ўртага ташлади.
“Ғоявий-мафкура соҳасида рақобатга тайёрмизми? Неварамиз қайси замонда яшайди деган савол бизни қийнаши керакми-йўқми? [...] Булар оддий саволлар эмас. Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “ўзбекистонлик”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда жадидчилик ҳаракатининг аҳамиятини кўпроқ тарғиб қилиш, ўзбек тилидаги китобларни кўпайтириш, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантириш бўйича чоралар эълон қилинди. Маданият ва санъат, кутубхона ва музейлар соҳасида фаолият олиб бораётган ходимларнинг ойликлари 2024 йил 1 апрелдан 20 фоизга, 2025 йил 1 январдан яна 15 фоизга оширилиши эълон қилинди.
Шавкат Мирзиёев сериаллар масаласига алоҳида тўхталиб, телеканаллар прайм-таймда хориж сериалларига катта ўрин бераётганини савол остига олди.
“Дастлаб кўнгилочар ва маиший мавзуларда пайдо бўлган сериаллар бугунги кунга келиб турли давлат ва миллатларнинг муайян мақсадларини тарғиб этиш воситасига айланиб бормоқда. Кўзимизни мошдек очадиган вақт келди! Ҳозир невараларимизни овунтириш учун қўлига компютер бериб қўйяпмиз. У нимани кўряпти? Мултфилм. Қайси мултфилм деган саволга жавоб йўқ-ку? Ўзбекча контент йўқ-ку?” – деди президент.
Масъулларга ҳар томонлама сифатли миллий сериаллар ишлаб чиқариш концепциясини яратиш вазифаси қўйилди. Сериалларни суратга олиш учун Тошкент вилоятида 50 гектарлик ҳудудга эга “Cinema Park” номли эркин иқтисодий зона ташкил этиладиган бўлди. Шунингдек, Марказий Осиёдан етишиб чиққан буюк алломаларнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида кўп қисмли анимацион фильмлар ишлаб чиқариш белгиланди.
Азиз Воитов – қамоқда
Жиноят олами вакилларига қарши рейдлар давом этаркан, бу билан параллел равишда коррупцияга берилган айрим амалдорларга нисбатан ҳам ов кетаётгани маълум бўлди. Ҳозиргача ўндан ортиқ юқори лавозимли мансабдор ҳибсга олинган. Улар орасида энг юқори лавозимда бўлгани – собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов. Маълум бўлишича, у ўтган ҳафта қамоққа олинган. 2022 йил августидан 2023 йил октябргача Қишлоқ хўжалиги вазирлигини бошқарган Воитов катта миқдорда талон-торож қилиш ва ваколатини суиистеъмол қилишда айбланяпти.
Коррупцияга қарши курашиш тадбирлари доирасида Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Саидаҳмад Султонов, Бекобод тумани ҳокими Шуҳрат Мирзаев, Избоскан тумани собиқ ҳокими Серобиддин Исмоилов, Бухоро тумани собиқ ҳокими Хайрулло Жўраев қамоққа олинган.
Қўлга олинганлар орасида солиқ, божхона ва банк тизимларидаги амалдорлар ҳам бор. Солиқ қўмитасининг бўлим бошлиғи, департамент директори ўринбосари ва Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси шуъба бошлиғи битта жиноят иши доирасида ҳибсга олинган. Божхона қўмитаси ходими ва номи ошкор қилинмаётган суғурта компанияси масъуллари 145 млрд сўмлик жиноят ишида айбланяпти. Шунингдек, Марказий банкнинг Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Эркин Мансуров ноқонуний кредит ажратилиши орқали қарийб 20 млн доллар талон-торож қилинган жиноятда фигурантлардан бири сифатида қўлга олинган. Самарқандда эса сув, газ ва қурилиш соҳаларидаги бир нечта ҳудудий амалдорлар коррупцион жиноят ишлари доирасида тергов қилинмоқда.
Шавкат Мирзиёев бу тадбирларга изоҳ бераркан, жиноятчиларга жазо муқаррар бўлиши кераклигини айтди.
“Кейинги пайтларда коррупция ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича тезкор тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзини “кўча” деб атайдиган жиноий гуруҳлар бўладими, коррупцияга берилган мансабдор шахслар бўладими, ким қонунга беписанд қараб, давлат ва жамиятга зарар етказадиган бўлса, биз ҳеч қачон жим турмаймиз ва кечирмаймиз. Янги Ўзбекистонда қонун устувор, жиноятга жазо муқаррар бўлиши шарт”, – деди президент.
14-15 ёшдаёқ “боши боғланаётган” қизлар
Қашқадарёда 7-синфда ўқиётган қиз унаштириб қўйилгани ҳақидаги хабар ортидан, яна бир ижтимоий муаммо муҳокама майдонига қалқиб чиқди. Интернетда тарқалган видеода бир аёл бошқа аёллар ҳамроҳлигида қизнинг бўйнига тақинчоқ тақиб қўйгани, шу аснода “бахтли бўлсин” деган тилаклар айтилганини кўриш мумкин.
Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ҳолат бўйича ўрганиш олиб борилганини билдирди. Унга кўра, воқеа Кўкдала туманида рўй берган. Қизнинг ота-онаси расмийларга берган изоҳида видеодаги тадбир унаштирув маросими эмас, қизининг туғилган куни бўлганини айтган.
Сурайё Раҳмонова республиканинг бу қисмида қизларнинг унаштирув маросимини эрта ўтказиш урф-одати қисман бўлса-да сақланиб қолаётганини тасдиқлаб, шуни эътиборга олган ҳолда қизнинг соғлом муҳитда ўсиши, таълим олиши ва келгусида ўз ҳаёти билан боғлиқ қарорларни қабул қилиш ҳуқуқи таъминланишини кузатиб боришга ваъда берди. Болалар омбудсмани қизини эрта турмушга бериш ниятидаги ота-оналарни никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик борлигидан огоҳлантирди.
Бола ҳуқуқлари бўйича орган қизларни эрта турмушга бериш ҳолатлари бўйича мутлақо муросасиз эканини билдираётган бўлса-да, орган ўз ишини қанчалик профессионал бажараётгани бўйича саволлар йўқ эмас. Хусусан, Kun.uz'нинг аниқлашича, унаштириб қўйилгани айтилаётган 14 яшар қиз май ойида туғилган. Ота-она берган тушунтиришни инкор қиладиган бу фактга бола ҳуқуқлари бўйича вакил қандай муносабатда бўлгани номаълум. Шунингдек, расмийлар тўғридан тўғри ота-она билан суҳбатлашишдан олдин, дўстона муҳитда, масалан мактабда боланинг ўзи билан малакали психолог суҳбатини ўтказганми-йўқми, бу ҳам маълум эмас.
Тармоқларда бу видеонинг муҳокамалари тугамасидан, яна бошқалари ҳам резонансларга сабаб бўла бошлади. Хусусан, 21 декабр куни тарқалган видеода ёш қиз аёллар тўла хонага олиб кирилиб, қулоқларига зирак тақилганини кўриш мумкин. Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг тасдиқлашича, бу видеодаги қиз 8-синфда ўқийди ва у ҳам Кўкдала туманида яшайди. Лекин бу ҳолат ҳам айнан унаштирув ёки бошқа тадбир экани бўйича аниқ маълумот йўқ.
Қашқадарёдаги ҳолатлар тармоқларни жунбишга келтириб, танқидларга учрагач, 21 декабр куни вилоят ҳокими Муроджон Азимов эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш бўйича йиғилиш ўтказди. Йиғилишда бундай ҳолатларга доир ўрганиш ишларини бошланиши, аниқланган ҳолатлар бўйича ота-оналар, таълим ва диний муассасалар ходимлари жавобгарликка тортилиши белгиланди.
Kun.uz бир нечта ҳудудлардан олган маълумотларга кўра, қизларни ҳали 18 ёшга тўлмасидан турмушга бериш ёки унаштириб қўйиш ҳолатлари айрим жойларда, хусусан воҳа вилоятларида тез-тез учраб туради. Баъзи жойларда эрта ёшда мажбуран узатилган келинларнинг босимлар сабаб ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам рўй берган.
Электр энергияси бўйича вазирнинг ваъдаси
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг ваъдасига кўра, келаси бир йил ичида ишга тушириладиган янги электр станциялари ҳисобига, 2024 йилдан бошлаб Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичлари эҳтиёжни 100 фоиз қондира оладиган даражага етади.
Вазирнинг шу ҳафта берган интервюсидаги гапларига ишонадиган бўлсак, узоғи бир йилдан кейин Ўзбекистонда электр энергияси етишмовчилиги сабабли режали чеклов киритиш деган нарса тарихга айланиши керак. Яъни ҳар хил кутилмаган авариялар рўй беришини ҳисобга олмаса, талаб энг юқори бўлган пайтларда ҳам свет ўчмайди. Жўрабек Мирзамаҳмудов ўзи ва унинг жамоаси бу вазифани уддалай олмаса, лавозимидан кетишга тайёрлигини айтди.
“Албатта, тизимда қаердадир тармоқ узилиши, трансформатор куйиши, ёниши ёки носозлик келиб чиқиши каби ҳодисалар бўлади, лекин генерация тарафидан биз кейинги йилдан 100 фоиз ўзимизнинг ички эҳтиёжимизни қоплаш имкониятимиз пайдо бўлади. Буни таъминлаймиз. Ва шундай вазифа бизга қўйилган. Агар қўйилган вазифани бажара олмасак, нафақат мен, балки тизимимиздаги барча масъуллар ишлашга нолойиқмиз деб ўйлайман”, – деди Энергетика вазирлиги раҳбари.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
АҚШга ноқонуний йўллар билан кетган 119 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди. Уларнинг кўпчилиги Қўшма Штатларга Мексика орқали ўтган. Қайтганлардан бири Америкада асосан марказий осиёликларга нисбатан рейдлар бошланганини айтган. АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ўзбекистонликларни Америкага фақат қонуний йўллар билан боришга чақирди. “Америка Қўшма Штатлари АҚШда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатдан чиқариб юбориш бўйича Ўзбекистон ҳукумати билан яқиндан иш олиб бормоқда”, – дейилади элчихона баёнотида.
Ўзбекистонда яширин иқтисодиётга қарши курашиш мақсадида айрим турдаги тўловларни нақд пулда амалга ошириш тўхтатилиши мумкин. Бу – муайян рўйхат белгиланиб, шу рўйхатдаги товар ва хизматлар учун фақат нақдсиз шаклда тўлов қилиш мумкин бўлишини англатади. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг маълум қилишича, бу борада тегишли қарор лойиҳаси тайёрланяпти. У айнан қандай тўловлар ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмади. Фақат яширин иқтисодиёт даражаси энг юқори тармоқлар сифатида қурилиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларини санаб ўтди.
Халқ банки ходими 631 млн сўм пулни қиморга тикиб юборгани маълум бўлди. Расмий хабарга кўра, банкнинг Самарқанд филиалида чакана савдо бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган шахс ўзининг шахсий картасига ноқонуний равишда 631 млн сўм ўтказиб, бу пулларни онлайн қиморга тикиб юборган. Банкир суд ҳукми билан 5 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ фожиавий ҳолатлар давом этяпти. Охирги бир ҳафта ичида Қорақалпоғистонда бир оиланинг 5 аъзоси, Наманганда бир оиланинг 4 аъзоси, Фарғонада ҳам бир оиланинг 4 нафар аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этгани маълум бўлди. Шунингдек, бошқа бир ҳолатда Самарқанд шаҳрида бир оиланинг 5 нафар аъзоси ис газидан заҳарланиб, шифохонага ётқизилган ва омон қолган. Эслатиб ўтамиз, бундай фожиалар кўп ҳолатларда иситиш жиҳозларидан нотўғри фойдаланиш ёки носоз иситиш ускуналарини ишлатиш оқибатида рўй беради.
Тавсия этамиз
Сўнгги янгиликлар
-
Тошкент ва Сингапур ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши мумкин
Ўзбекистон | 15:01
-
Лавров: Россия Ватиканда Украина билан музокара олиб бормайди
Жаҳон | 14:39
-
Ҳарварддаги можаро, геосиёсий танлов олдида қолган Сербия ва Россияга таҳдид қилган G7 – кун дайжести
Жаҳон | 14:21
-
Ўзбекистонда болалар сайёҳлик дастури доирасида 1 млн ўқувчи мамлакат бўйлаб саёҳат қилиши мумкин
Ўзбекистон | 14:01
Мавзуга оид

20:08 / 23.05.2025
Қашқадарёда ўнлаб педагогларга устама тўлаш техник масалалар сабаб тўхтатиб қўйилди

09:00 / 18.05.2025
“Ижтимоий тармоқлар қонуни” ва грин-картадаги лидерлик — ҳафта дайжести

21:33 / 10.05.2025
Андижондаги тошқин, олий таълимдаги ўзгаришлар ва дўхтирларга $1500 ойлик — ҳафта дайжести

22:51 / 03.05.2025