Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ишлаб кетган қонунлар ва тўхтамаётган дарахткушлик — ҳафта дайжести
Тошкентда экологик сафарбарлик: “юқоридан” буйруқ бўлиши билан қонунлар ишлаб кетди. Дарахтлар қирғини эса давом этяпти: Фарғонада юзта, Самарқандда мингта дарахт кесиб ташланди. Хориждан қайтишдаги божсиз лимит ошади: шахсий эҳтиёж учун iPhone ёки маиший техника олиб келишдаги чекловлар камайиши кутилмоқда. Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим хабарлари – Kun.uz дайжестида.
Ҳаво ифлосланишига қарши махсус комиссия
Тошкентда ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ экологик инқирознинг жорий мавсумдаги учинчи ҳафтасига келиб, мавжуд муаммога нисбатан давлатнинг жавоб чоралари сафарбарлик тусини олди. Душанба куни Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳузурида йиғилиш бўлиб ўтди ва шу куни “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида” президент фармони имзоланди.
Фармонга асосан, президент маслаҳатчиси – Экология қўмитаси раиси – Экополиция бошлиғи Азиз Абдуҳакимов раислигида республика махсус комиссияси тузилиб, унга катта ваколатлар берилди. Шундан кейин пойтахт ҳавосининг ифлосланишига қарши рейдлар кескин кучайтирилди: газдан узилиб шина ёқаётган иссиқхоналар, филтр ўрнатмаган саноат корхоналари, ҳаммаёқни чангитаётган қурилиш компаниялари, усти очиқ ҳолатда қурилиш материалларини ташиётган юк машиналари – рейдлар нишонига айланди.
Сафарбарлик шу даражага етдики, дудбуронсиз шашлик пишираётган кафелар, кўчада (жамоат жойида) сигарет чекиб турган одамлар ҳам жавобгарликдан четда қолмади.
Қизиғи, ўтган бир ҳафта ичида бирорта ҳам янги қонун қабул қилингани йўқ, фақатгина мавжуд қонунлар кўпроқ ишлай бошлади холос. Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича нормалар қонунчиликда шу пайтгача ҳам бор эди, лекин “юқоридан” топшириқ бўлмагунча, улар аксарият ҳолатларда оппоқ қоғоздаги бежирим юридик матнлигича қолаётган эди. “Чанг-газ филтри? Нима у?” деб сўрайдиган корхоналар, “қурилиш бўлгандан кейин чангийди-да” дейдиган қурувчилар охирги 1-2 ҳафта ичида эҳтимол умрида биринчи марта Қонун олдидаги мажбуриятлари билан юзлаштирилди. Цивилизациядан йироқ, маданиятдан бехабар ёввойи бир шаклдаги қурилишларга ўрганиб қолган шаҳарликлар эса бундай манзарадан ҳайрон: наҳотки! Одамга ўхшаб қурилиш қилса ҳам бўларкан-ку!
Экология қўмитасига кўра, назорат тадбирлари давомида текширилган 96 та объектдан нақ 60 тасида чангга қарши мажбурий талаблар бажарилмаётгани аниқланган. Натижада 70 киши жавобгарликка тортилиб, 15 та объектда қурилиш ишлари тўхтатилган.
Иссиқхоналар масаласига келсак, уларга ниҳоят газ таъминоти тикланди. Энергетика вазирлигининг чоршанба кунги баёнотида айтилишича, пойтахт ва унинг атрофидаги 68 та иссиқхонага газ етказиб бериш бошланган, яна 100 та иссиқхона иссиқлик таъминотига уланган. Айни пайтда, янги ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаси билан, шина, мазут ёки битум ёққан кичик иссиқхоналар учун жаримани ошириш, йирик иссиқхоналар учун эса жиноий жавобгарлик киритиш, бундай жиноятларда қозонхонани давлат фойдасига мусодара қилиш кўзда тутиляпти. Шу билан бирга, 2-3 йил олдин иссиқхоналарни ёппасига газдан узиш хато қарор бўлганини расмийлар очиқ тан олишгани йўқ. Бу қарор келтирган улкан зарарлар учун масъулият масаласи ҳам кун тартибида эмас.
Ҳафта давомида чангга қарши сафарбарлик судларда ҳам акс-садо берди. Олий суд хабарига кўра, “Maxam-Chirchiq” заводида ўтказилган текширишда 10 дан ортиқ камчиликлар аниқланган: ҳаво ва сув ортиқча ифлослантирилган, кимёвий моддаларни сақлаш тартиби бузилган, компенсация тўловлари ўз вақтида тўланмаган. Натижада туман судининг қарори билан, “Maxam-Chirchiq” фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Саноат корхоналари ҳақида гап кетганда, президент фармонида белгиланган муҳим янгилик бор. Унга кўра, атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифаларга мансуб барча корхоналар ҳаво сифатини мониторинг қилувчи станция ўрнатиб, 1 мартгача бу станцияларни Экология қўмитаси базасига интеграция қилиши шарт. Бу дегани – республика бўйлаб цемент заводларидан тортиб тери-кўнчилик цехларигача ҳавони қанчалик булғаётганини экология органи реал вақт режимида кўриб тура олади. Берилган муҳлат ичида янги талабни бажармаган заводлар учун компенсация тўловлари 5 бараварга оширилади.
Фармондаги муҳим янгиликлардан яна бири – маиший ҳаво тозалагичлар учун 20 фоизлик божнинг бекор қилиниши бўлди. Аввалроқ хабар берганимиздек, Ўзбекистонда бу маҳсулотларга талаб кескин ошиб кетган. Натижада охирги ҳафталарда кўплаб дўконларда ҳаво тозалагичларни топиб бўлмай қолди, дефицит сабаб нархлар каррасига ошиб кетди. Афсуски, бождан озод этилган маҳсулотлар рўйхатига негадир ҳаво намлантиргичлар киритилмаган. Бундан ташқари, Аи-80 бензини тақиқланаётган бир пайтда, электромобиллар учун утилизация йиғимини бекор қилиш ёки ҳеч бўлмаса бир йил олдинги даражага қайтариш масаласи ҳам фармондан ўрин олмаган.
Дарахтлар аёвсиз кесилишда давом этяпти
Экологик вазият неча ҳафтадан бери бутун Ўзбекистон муҳокама қилаётган биринчи рақамли мавзу бўлиб турган бир пайтда, бу масала айрим амалдорларнинг парвойига ҳам келмаётгани ачинарли. Уларнинг “шарофати” билан ҳатто ҳозиргидек критик вазиятда ҳам дарахт кесишлар тўхтовсиз давом этяпти. Ҳафта давомида Фарғона ва Самарқанд вилоятларида навбатдаги дарахткушлик ҳолатлари қайд этилди.
Фарғонанинг Бувайда тумани ҳокими ўринбосари қонунларга тупургани ўз йўлига, лекин сиёсий кун тартибидан бехабарлиги ҳайратланарли. Воқеа видеосидан кўриш мумкинки, Саидали Хизиров ноқонуний дарахт кесилишини тўхтатишга уринаётган экология инспекторига қаршилик қилиб, унга куч ишлатишгача борган. Ҳозирги сафарбарлик шароитида, ҳоким ўринбосари бу қилшими учун шу заҳотиёқ ишдан олиниб, устидан жиноят иши очилди. Бош прокуратура баёнотига кўра, жиноят иши терговини шахсан бош прокурорнинг ўзи назоратга олган. Kun.uz суриштирувидан маълум бўлишича, бу ҳолатда қурувчи компания аҳоли қаршилигига қарамай зовурни кўмиб ташлаб, ўрнига қурилиш қилиш учун 100 тупга яқин дарахтни кесиб ташлаган.
Самарқанддаги дарахткушлик кўлами бундан ўн баробар катта. Булунғур туманида Оқтепа канали бўйларини бетонлаштириш давомида мингга яқин (!) дарахт кесиб ташлангани айтиляпти. Ачинарлиси, қирғин қилинган дарахтларнинг катта қисми кўп йиллик, катта дарахтлар бўлган. Бу ҳолатда масъуллар дарахтларнинг бир қисмини аҳолининг ўзига кестиришган: канал бўйида яшовчиларга бу ишлар гўёки “президент қарори асосида” бўлаётгани, одамлар кесган дарахтларини ўзларида сақлаб қолишлари мумкинлиги, лекин ярим пулини ирригация бошқармасига бериши кераклиги айтилган. Айни пайтда мораторийга зид бу кесилишлар тўхтатилиб, текширув бошланган.
Экологик вазиятни ўнглаш бўйича ҳозирги кучайтирилган тартиб бир неча ҳафта олдин Тошкентда рўй берган дарахтлар қирғини бўйича олиб борилаётган терговга ҳам тааллуқли бўлса, зарар қилмасди. Эслатиб ўтамиз, Яккасарой тумани Бобур кўчасидаги 174 та арча ноқонуний кесиб ташлангани юзасидан жиноят ишида буюртмачилар бир четда қолиб, шунчаки топшириқни бажарган ободонлаштириш ходимлари жавобгарликка тортилаётгани – икки ҳафтагина олдин муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Чет элдан келаётганлар учун бож юки камаядими?
Чет элдан қайтаётган ватандошлар ўзи билан iPhone олиб келаётгани учун бож тўлашга мажбур бўлаётгани ҳақидаги муҳокамалар ёдингиздами? Ҳозирча “келажак хабарлари” рукнида бўлса-да, бу муаммо борасида хушхабар бор. Сешанба куни имзоланган, бюрократияни қисқартиришга қаратилган президент фармонига асосан, Ўзбекистонга шахсий эҳтиёж учун товар олиб киришдаги лимитлар тўлиқ қайта кўриб чиқиладиган бўлди.
Фармонга кўра, 2026 йил март ойигача тегишли ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади ва унда жисмоний шахслар ўз шахсий эҳтиёжи учун нотижорат мақсадда республикага олиб кирадиган товарлар учун божсиз нормаларни “аҳоли эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда” ошириш наарда тутилади.
Ёдингизда бўлса, бу нормалар жорий йилнинг 1 майидан бошлаб кескин камайтирилган эди. Хусусан, самолётда келувчилар учун лимит 2000 доллардан 1000 долларга, поездда келувчилар учун 1000 доллардан 500 долларга туширилган эди. Давлат чегарасини автомобилда ёки пиёда кесиб ўтаётганлар эса 300 доллардан ортиқ қийматдаги товарни божсиз олиб киролмайди. Қолаверса, 2-3 кунга хорижга чиққанлар учун божсиз лимит умуман нолга тенг қилиб қўйилган. Бундан ташқари, айрим товарларни олиб ўтишнинг минимал миқдор нормалари ҳам амал қилишда давом этмоқда. Бу нормалар 2018 йилда киритилган бўлиб, унга асосан Қирғизистон ё Қозоғистондан келаётган ватандошлар ўзи билан айни бир турдаги маиший техникани 6 ойда фақат 1 марта божсиз олиб ўтиши мумкин. Бу чекловдан кимлар манфаатдор экани эса ҳеч кимга сир эмас.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Шахматчи Жавоҳир Синдоров Жаҳон кубоги ғолиби бўлди. У финалда Хитой вакили Вей Йини тай-брейкнинг иккинчи партиясида, қора доналарда ўйнаганига қарамай мағлуб этди ва Жаҳон кубогини қўлга киритган тарихдаги энг ёш гроссмейстерга айланди. Президент Мирзиёев 19 яшар Жавоҳирни “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи” унвони билан тақдирлаб, унга 3 хонали хонадон совға қилди. Мураббийларига эса пул мукофотлари топширилди. Шунингдек, Синдоровнинг ўзи чемпионлик билан бирга, FIDE'нинг 120 минг доллар пул мукофотини ҳам қўлга киритди.
Фурқат тумани ички ишлар бўлими раҳбарларининг шов-шувли жинояти бўйича суд ҳукми ўқилди. ИИБнинг собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев ва унинг ўринбосари Жасур Расулов 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Ҳукмга кўра, улар олдиндан тил бириктирган ҳолда фуқароларнинг турар жой дахлсизлигини бузган, мансаб ваколатидан четга чиққан, тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштирган, фуқароларни қонунга хилоф равишда ушлаб турган ва инсон қадр-қимматини камситувчи маълумотларни ошкор қилган, деб топилди. Уларнинг мактаб директори ва солиқ идораси бошлиғи шаънига қилган тажовузи Ўзбекистонда йилнинг энг резонансли ва шармандали жиноятлари қаторини тўлдирадиган бўлди.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев аёлларнинг тандирда нон ёпмай қўйганини танқид қилди. Унинг иддаосига кўра, аёллар тандирда нон ёпмай қўйгани сабабли онкологик касалликлар кўпайган эмиш. “Тандирда нон ёпган аёлда рак касали бўлмайди”, деди у. Чунки, ҳокимнинг тушунтиришича, тандир олдида организм қизийди, натижада қон айланиши тезлашиб, томирларни тозаланар экан. Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокими Анвар Нормаматов одамлар таппи қилмай қўйганидан ёзғирган эди.
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги бўйича музокаралари энг кўп чўзилаётган давлатлардан бири – Россия бўлиб қолмоқда. Бош музокарачи Азизбек Урунов бу ҳафта РФ билан музокаралар “деярли якунлангани”, “фақат бир нечта техник бандлар” қолганини маълум қилди. Уруновга кўра, энди фақат Хитой Тайпейи билан музокараларни якунлаш қолди холос. Шу тариқа, март ойига бориб, Ўзбекистон ваниҳоят Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб кириши мақсади реалликка яқинлашяпти. Шу билан бирга, қатор иқтисодчилар ташкилотга аъзо бўлган билан, иқтисодиётнинг эркинлашиши, монополияларнинг йўқолиши ва рақобат кучайиши борасида катта умидларга берилмасликка чақиряпти.
Одамлардан солиқ қарзини ундиришда электр энергиясининг биллинг тизими восита бўлади. Шанба куни эълон қилинган фармонга кўра, мол-мулк ёки ер солиғи бўйича қарзи 1 млн сўмдан ошган жисмоний шахслардан қарздорликни ундиришда электр энергиясининг биллинг тизими механизмидан фойдаланилади. Бундай тартиб 1 январдан синов тариқасида Наманган вилоятида бошланади, кейинроқ бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилиши мумкин. Механизмнинг аниқ тафсилотлари ҳозирча маълум эмас. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ чиқиндидан қарздорларнинг светга тўлов қилиш имкониятини чеклаш йўлга қўйилган эди.
Муаллиф – Комрон Чегабоев
Дастур бошловчиси – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Мавзуга оид
17:31 / 04.12.2025
Паст Дарғомда чўчқахона эгалари ҳавони ифлослаб келгани аниқланди
09:34 / 04.12.2025
Тошкентда йўлларни ифлослаган юк машиналари бўйича рейдлар кучайтирилди
22:57 / 03.12.2025
Экология – ниҳоят сиёсий муаммога айланяптими?
20:28 / 03.12.2025