Ўзбекистонликлар ёппасига тоза ҳаво излаяпти: ҳаво филтрларига талаб Катта бўрон пайтидаги даражага етди. Тиббиёт ходимлари учун имтиёзлар тўплами: давлат хусусий сектор билан рақобатлашишга мажбур бўляпти. Исломий банк очишга рухсат берилади: узоқ тайёрланган қонун ниҳоят қабул қилинди. Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Ҳаво тозалагичлар бозорида “бум”

2021 йил ноябр ойида Тошкентда рўй берган даҳшатли чанг бўрони эсингиздами? Ўшанда ҳатто эшик-деразалари маҳкам ёпилган уй ичида ҳам нафас олиб бўлмай қолганди. Натижада, расмий маълумотларга кўра, бир кун ичида пойтахтда яшовчи 700 га яқин киши нафас қисиши сабаб тез ёрдамга мурожаат қилган. Орадан бир неча кун ўтиб, пойтахтликлар яна бир аянчли ҳодиса – чангга бўккан ифлос қор ёғишига ҳам гувоҳ бўлган эди.

Ўзбекистон аҳолисининг ифлос ҳаво сабаб ўзи ва яқинлари соғлигидан ташвишланиш даражаси ўшанда энг юқори чўққисига чиққан. Лекин вазият тақозоси билан, сўнгги кунларда одамларимиз орасида худди ўша пайтдагидек оммавий хавотир яна кезиб юрибди. Google статистикасига қараганда, бу ҳафта ўзбекистонликларнинг “очиститель воздуха” (ҳаво тозалагич) сўзини интернетда қидирувга бериш кўлами – 2021 йил ноябр ойининг биринчи ҳафтаси даражасигача кўтарилган. Бошқача айтганда, ўша даҳшатли чанг бўрони пайтида қанча одам ҳаво тозалагичга қизиққан бўлса, бугун ҳам камида ўшанча, эҳтимолдан ундан ҳам кўпроқ ватандошимиз бу техникани сотиб олиш ниятида юрибди.