Миллий статистика қўмитаси сентябр ойи учун истеъмол нархлари бўйича маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, йиллик инфляция 2025 йил сентябрдаги 8 фоизга нисбатан 1,6 фоиз бандга пасайиб, 6,4 фоизни ташкил этган. Бу – бир ой олдингидан 0,2 фоиз бандга юқори.
Ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 1 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 0,3 фоизга, аҳолига кўрсатиладиган пулли хизматлар эса 0,9 фоизга қимматлашган.
Сабзавотлар орасида помидор нархи 14,2 фоизга, бодринг 13,5 фоизга, сабзи 12,4 фоизга ошган. Шунингдек, булғор қалампири 4,9 фоизга, бақлажон 4,7 фоизга ва пиёз 2,6 фоизга қимматлашган.
Айрим мевалар нархида эса пасайиш қайд этилган. Цитрус мевалар 12 фоизга, узум 5,7 фоизга, олма 2,4 фоизга, банан 1,7 фоизга арзонлашган.
Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан тухум нархи бир ойда 5,3 фоизга ошган. Суякли мол гўшти 1,7 фоизга, қўй гўшти 1,3 фоизга, суяксиз мол гўшти ва гречка 1,1 фоиздан қимматлашган. Гуруч ва гуруч оқшоғи нархи 1 фоизга, хом ва қаймоғи олинмаган сут ҳамда сариёғ 0,8 фоиздан ошган.
Ёнилғи бозорида АИ-95 бензини ва пропан нархи 4,2 фоиздан кўтарилган. АИ-92 бензини 0,7 фоизга, АИ-98 ва АИ-100 маркали бензин 0,4 фоизга қимматлашган. Метан нархида ўзгариш кузатилмаган.
Таълим ва бошқа хизматлар бўйича ҳам нархлар ўсган. Жумладан:
давлат боғчалари хизматлари — 6,8 фоизга;
ҳуқуқий тусдаги хизматлар — 6,6 фоизга;
давлат ОТМда тўлов-контракт асосида ўқиш — 6,3 фоизга;
хусусий мактабларда ўқиш — 6 фоизга;
автомобил тўхташ жойлари хизматлари — 2,2 фоизга;
совуқ сув ва канализация учун тўловлар — 2,1 фоизга;
хусусий боғчалар хизматлари — 1,7 фоизга қимматлашган.
Ҳисоб-китоблар учун 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқтасида 2 миллиондан зиёд нарх қайд этилган. Кузатувлар 419 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулоти ҳамда 98 турдаги хизматни қамраб олган.

















