Бухоро вилояти ҳокимлиги Ботир Зариповнинг масъулларга қандайдир бинони бузиб ташлашни буюргани акс этган видео лавҳага муносабат билдирди. Ҳокимлик раддиясида Зарипов “ичидаги одами билан кўмиб ташлаш”ни буюрган бино йўлак экани маълум қилинган.

Ҳокимликка кўра, жорий йилнинг 22 май куни Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Бухоро шаҳридаги 2-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларининг боришини кўздан кечирган.

“140 ўринга мўлжалланган мазкур муассаса 1961 йилда қурилган ва ҳозирда таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Ўтказилган хатловга асосан маҳаллий бюджет ҳисобидан зарур маблағлар ажратилиб, боғчада капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ўрганиш чоғида вилоят ҳокими қурилиш ишларини жадаллаштириш ва қисқа муддатда якунлаш юзасидан шаҳар ҳокимлиги ва соҳа масъулларига топшириқлар берди.

Шунингдек, ўрганиш жараёнида Ботир Зарипов давлат боғчаси ҳудуди ободонлаштирилмаганлиги, боғчага туташ бўлган ҳудуддан ўзбошимчалик билан эгалланган умумий овқатланиш объекти эгаси томонидан боғча ҳудудида тегишли рухсатларсиз, хуфёна ноқонуний кириш-чиқиш йўлаги очилганлиги, бундан ташқари боғча ҳудудининг бир қисмида юқори кучланишли трансформатор атрофи темир панжара билан ўраб олинмаганлиги юзасидан эътирозларини билдирди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, вилоят ҳокимлари зиммасига муассасаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан, ҳудудлар атрофини ўраш, уларга ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича инспекторларни бириктириш, кузатув камералари ва ёнғинга қарши сигнализация тизимларини ўрнатиш чораларини кўриш, шунингдек, муассаса ҳудудининг ва кўчмас мулкининг бутунлигини ҳамда дахлсизлигини белгиланган тартибда таъминлаш вазифалари юклатилган.

Видеолавҳада тилга олинган “бузиб ташла” жумласида айнан ўша боғча ҳудудида тегишли рухсатларсиз, хуфёна, ноқонуний кириш-чиқиш йўлагини бартараф этилиши назарда тутилган.

Бунда, вилоят ҳокими томонидан 140 нафар боғча тарбияланувчисининг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда юз бериши мумкин бўлган турли нохуш, ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш - асосий мақсад бўлган”, дейилади ҳокимлик раддиясида.

Қўшимча қилинишича, вилоят ҳокимининг хусусий боғчаларни бузиб ташлаш бўйича топшириқ бергани ҳақидаги хабарлар асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди.