Ўзбекистон | 21:00 / 07.03.2025
9565
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида эркин савдо режими амал қила бошлади

Икки қўшни мамлакат ўртасида эркин савдо режими бўйича эришилган келишув 2025 йил 25 февралдан бошлаб кучга кирди. Бу билан, айрим турдаги маҳсулотлардан ташқари икки мамлакатда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан божхона божлари бекор қилиниб, савдо тартиботлари соддалаштирилди.

Фото: Kun.uz

2025 йил 25 февралдан эътиборан Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида эркин савдо режими жорий этилди. Бу ҳақда 7 март куни Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, 2024 йил 16 июл куни имзоланган “Ўзбекистон ва Туркманистон Ҳукуматлари ўртасида узоқ муддатли савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари тўғрисида Битимга эркин савдо режимидан истиснолар тўғрисида”ги баённома кучга кириши учун зарур тартиботларнинг икки тарафлама бажарилиши якунланган.

Ушбу баённома Ўзбекистон президентининг 2025 йил 27 январдаги 29-сон қарори билан тасдиқланган.

Маълумот учун, 2024 йилда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги савдо айланмаси 1,14 млрд долларни ташкил этиб, аввалги йилга нисбатан 5,5 фоизга ошган.

“Эркин савдо режимининг жорий этилиши натижасида, айрим турдаги маҳсулотлардан ташқари икки мамлакатда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан божхона божлари бекор қилиниб, ўзаро товарлар савдосидаги мавжуд чекловлар бартараф этилди ва савдо тартиботлари соддалаштирилди.

Масалан, Туркманистонга олиб кирилаётган маҳаллий цемент маҳсулотлари (божхона тўлови 100 фоиз), тўқимачилик матолари (50 фоиз), мебел (50 фоиз), шиша идишлар (50 фоиз), сув иситиш қозонлари (15 фоиз), пластик ва полипропилен маҳсулотлар (10 фоиз), колбаса ва гўшт маҳсулотлари (1 кг учун 2 доллар), пахта ёғи (1 кг учун 1 доллар) учун божхона тўловлари бекор қилинди”, – дейилади ИССВ ахборотида.

Маълумот учун, Туркманистон МДҲ доирасида эркин савдо зонасининг аъзоси ҳисобланмайди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид