Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғонада кадастр инспектори ва давлат муассасаси масъуллари пора билан ушланди
Фарғона вилоятида давлат хизматчилари томонидан содир этилган пора ва коррупция билан боғлиқ икки ҳолат фош этилди.
Фото: Видеодан кадр
Биринчи ҳолатда, Кадастр агентлигининг Риштон тумани бўлими бош инспектори коррупцион хатти-ҳаракат устида ушланди. Дастлабки суриштирувга кўра, у фуқарога яшаш ҳудудида қўшимча ер майдони қўшиб олингани ва ўзбошимчалик билан қурилиш қилингани учун 84 миллион сўм жарима солиниши мумкинлигини айтган. Шундан сўнг, бош инспектор фуқарога “осон йўл”ни таклиф қилиб, унга жарима қўлламаслик ва ерни қонунийлаштириб бериш эвазига 400 АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида фуқаро аризаси асосида ўтказилган тезкор тадбирда бош инспектор талаб қилинган пулни ўз хизмат жойи биноси олдида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Иккинчи ҳолатда, қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи хусусий корхона 2025 йил октябр ойида “Фарғона сув қурилиш инвест” давлат муассасасининг маъмурий биносида 850 миллион сўмлик мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича ўтказилган шаффоф тендерда ғолиб бўлган. Бироқ ушбу муассасанинг бош муҳандиси ва бошқа мансабдорлар ўзаро тил бириктириб, таъмирлаш ишларини бошлашга рухсат бериш эвазига корхона раҳбаридан 5 500 АҚШ доллари талаб қилган.
Ўтказилган тезкор тадбир чоғида улар 5 000 АҚШ долларини олган вақтларида ушланиб, ноқонуний хатти-ҳаракатлари фош этилди.
Айни пайтда ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
17:59
Сурхондарёда божхона ходими, Наманганда кадастр бўлими бошлиғи пора билан ушланди
11:12 / 11.12.2025
Тошкентда солиқ инспекторлари 10 миллион сўм пора олган пайтида ушланди
20:51 / 10.12.2025
Ўзбекистонда 11 ойда 184 киши пора олгани учун судланди
08:10 / 08.12.2025