Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 июн куни Тошкент халқаро инвестиция форумида сўзга чиқиб, хорижий инвесторларга мурожаат қилди.
“Глобал ишлаб чиқариш занжирларида ҳар бир давлат учун тенг шароитни таъминлайдиган ишончли қоидалар бўлиши шарт ва зарур. Ҳеч шубҳасиз, бу борада Жаҳон савдо ташкилотининг алоҳида ўрни бор. Шу боис келгуси йилда ушбу ташкилотнинг аъзосига айланиш бўйича олдимизга мақсад қўйганмиз ва бу борада ҳамкорларимиз билан фаол ишлаяпмиз. Бунинг учун ўнлаб қонун, юзлаб стандартларни халқаро талабларга мослаштирдик ва бу ишларни шу йил тўлиқ якунига етказамиз.
Иккинчидан, мамлакатимизда хорижий сармоядорларга янада қулай муҳит яратиш учун маҳаллий компаниялар билан бир хил шароитларни кафолатловчи миллий режим жорий қилинади. Давлат органлари билан муносабатга киришишда “ягона дарча” тамойили татбиқ этилиши белгиланди. Инвестиция фаоллигини ортиқча текширувлардан кафолатли ҳимоялаш тизими яратилади. Булар орқали 2030 йилга бориб Ўзбекистоннинг кредит рейтингини “инвестицион” даражага олиб чиқишни мақсад қилиб қўйганмиз.
Учинчидан, биз давлат компанияларини хусусийлаштиришда уларнинг юртимиз фаровонлигига хизмат қилувчи йирик активларга айлантириш йўлини танлаганмиз. Шу боис 18 та йирик компания ва банклардаги қарийб 2 млрд долларлик давлат улушини ўзини бирлаштирган Миллий инвестиция жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма бошқарувига нуфузли Franklin Templeton компанияси жалб қилинди. Келгуси йилнинг ўзида жамғарма акциялари пакети халқаро IPO'га чиқарилади. Шунингдек, профессионал консултантлар жалб қилиниб, икки йилда 29 та давлат компанияси хусусийлаштирилади.

Тўртинчидан, биз транспорт ва логистика соҳасини иқтисодиётимизнинг қон томири сифатида кўрамиз. Шу боис бу соҳага ҳам хусусий капитал фаол жалб қилинмоқда. Биргина мисол, Самарқанд, Наманган, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортлари давлат-хусусий шериклик асосида салоҳиятли инвесторлар бошқарувига берилди. Урганч аэропорти бошқарувига дунёнинг етакчи Incheon компанияси жалб қилинди. Келгуси йилда Нукус, Термиз, Фарғона, Навоий аэропортлари бўйича ҳам тендерлар ўтказамиз.
Яна бир муҳим йўналиш – пойтахтимизда яшаб ва ишлаётган аҳоли 5 миллиондан ошди. Шу боис 2 миллион аҳолига мўлжалланган Янги Тошкент шаҳрини барпо этиб, пойтахтни мегаполисга айлантирамиз. Бу ерда йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга аэропорт, темирйўл ва автомобил транспортини қамраб олган мултимодал ҳаб қурилади. Йирик давлат комплекслари ва молия марказлари қад кўтаради. Ушбу мегалойиҳани биргаликда амалга ошириш учун инвесторлар, халқаро молия институтлари ва хорижий банкларни таклиф қиламиз.

















