Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси дори воситаларининг улгуржи савдосида рақобатга зид шартлар қўйилиши билан боғлиқ ҳолатларни ўрганмоқда.
Қўмита хабарига кўра, Ўзбекистонга жорий йилнинг 9 ойи давомида 305 та корхона томонидан дори воситалари импорт қилинган бўлиб, шундан 47,2 фоизи 5 та импортёр ҳиссасига тўғри келади.
Таҳлиллар бозордаги концентрация ошганини кўрсатмоқда: 2026 йил 1 октябр ҳолатига чакана дорихоналар бирлашиши ёки ёпилиши натижасида 2023 йилга нисбатан 8 фоизга қисқарган, филиаллар сони эса 33,8 фоизга кўпайган. Хусусан:
2023 йилда жами 13 744 та дорихона мавжуд бўлган:
- улгуржи дорихоналар — 521 та;
- чакана дорихоналар — 13 223 та, шундан:
- асосий дорихоналар — 8 584 та;
- филиаллар — 4 639 та.
2024 йилда дорихоналар сони 5,6 фоизга камайиб, 13 010 тани ташкил этган:
- улгуржи дорихоналар — 466 та;
- чакана дорихоналар — 12 544 та, шундан:
- асосий дорихоналар — 8 416 та;
- филиаллар — 4 128 та.
2026 йил 1 октябр ҳолатига жами 14 598 та дорихона мавжуд бўлган:
- улгуржи дорихоналар — 449 та;
- чакана дорихоналар — 14 149 та, шундан:
- асосий дорихоналар — 7 940 та;
- филиаллар — 6 209 та.
“Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда айрим импортёрлар ва улгуржи дистрибюторлар томонидан талаб юқори бўлган дори воситаларини харид қилишда бошқа препаратларни ҳам мажбурий тарзда қўшиб сотиш ҳолатлари юзасидан шикоятлар кўпаймоқда.Бундай ҳолатлар кичик тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий манфаатларига зарар етказиши, уларнинг фаолиятини чеклаши ва бозордаги рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис, қўмита томонидан дори воситаларининг улгуржи савдосида рақобатга зид шартлар қўйилиши билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилмоқда”, – дейилади идора баёнотида.

















