Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида Алишер Турсуновга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича 2 октябр куни ўтказилиши белгиланган суд мажлиси 8 октябрга қолдирилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов Kun.uz'га маълум қилди. Олий суд расмийсига кўра, ишни кўраётган судья Бобур Раҳимов саломатлиги билан боғлиқ муаммолар туфайли касаллик таътили — «болничний»га чиққан. У 8 октябр куни ишга қайтиши ва шунда суд мажлиси давом эттирилиши кутилмоқда. Азиз Обидов, шунингдек, иш «сиёсий сабаблар»га кўра қолдирилмаётганини айтди.

Мубашшир Аҳмаднинг ҳимоячиси, адвокат Абдуллоҳ Содиқ ҳам Kun.uz мухбири билан суҳбатда судья Бобур Раҳимов «болничний олгани»ни тасдиқлади. Шунингдек, у судьяни алмаштириш масаласи кўриб чиқилмаётганини айтди.

«Агар музокараларга кирганидан кейин судьяни турли сабабга кўра алмаштириш керак бўлса, ишни бошқатдан кўриш керак бўларди. Чунки судья суд терговидан айбланувчи, гувоҳлар ва мажлисда ўзи эшитган гаплари асосида далилларни кўриб чиқади ва шунга қараб ҳукм чиқариши керак”, дейди адвокат.

Аслида ўтган ойда, 22 сентябр куни кўрилиши лозим бўлган Алишер Турсунов иши бўйича суд мажлиси жами уч марта – 16 кунга қолдирилди. Дастлаб 22 сентябрдан 29 сентябрга, кейин 29 сентябрдан 2 октябрга, бугун 2 октябр куни эса 8 октябрга қолдирилмоқда. Дастлабки ҳолатда суд қолдирилишига сабаб сифатида «судья Бобур Раҳимов айни вақтда бошқа суд мажлиси бўйича маслаҳатга кириб кетгани ва жараён чўзилаётгани» келтирилган. Шундан сўнг судья касал бўлиб қолди.

18 сентябр куни бўлиб ўтган тўртинчи суд мажлисида давлат қораловчиси — Учтепа тумани прокурори ўринбосари Эркин Нарзуллаев суддан Мубашшир Аҳмадни Жиноят кодексининг 3 та моддаси бўйича айбдор, деб топишни сўраганди. Хусусан, прокурор Мубашшир Аҳмадга «ўзаро санкцияларни қўшиш йўли билан узил-кесил 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш» ва «БҲМнинг 150 баробари миқдорида жарима»