“Тўппонча ўқталиб, отиб ташлайман деди” – “Саидазиз медгородок”ка яна бир “дело” бўйича ҳукм ўқилгани маълум бўлди
Суд Саидазиз Саидалиев ва Илҳом Сотволдиевни Бахтиёр Колоновга нисбатан товламачилик жиноятини содир қилган деб топди. Ҳукмга кўра, “Саидазиз медгородок” ва унинг жиноий шериги тадбиркорга 700 минг АҚШ доллари бермаса ўлдириб юбориш билан таҳдид қилган.
Саидазиз Саидалиевга товламачилик жинояти бўйича яна бир ҳукм ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг шу йил 29 октябрдаги ҳукмида келтирилишича, Саидазиз Саидалиев Илҳом Сотволдиев ва терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган бошқа шахслар билан жиноий тил бириктириб, 2023 йил январ ойининг бошларида Яшнобод тумани, Нодира маҳалласидаги уйлардан бирига бориб, Бахтиёр Колоновга гўёки тадбиркорликдаги собиқ шеригидан 700 минг АҚШ доллари миқдорида қарздор эканлигини айтишган.
Тадбиркор уларга қаршилик кўрсатганида “Саидазим медгородок” ва шериги қурол сифатида пичоқ ҳамда тўппончадан фойдаланиб, таҳдид қилишган. Улар тадбиркорга агар 700 минг АҚШ долларини бермаса соғлиғига, оиласига жиддий зарар етказиб, ўзини отиб ташлашни айтишган.
Сул мажлисида Саидазиз Саидалиев ва Илҳом Сотволдиев товламачилик қилмаганини айтиб, айбига иқрор бўлмаган ҳамда адолатли ҳукм чиқаришни сўраган.
Жабрланувчилар Бахтиёр Колонов ҳамда Достон Бегимқулов эса ўз кўрсатмаларида судланувчилар пичоқ ва тўппонча билан таҳдид қилишганини, отиб ташлаш билан қўрқитишганини билдиришган.
Суд ҳукмига кўра, Саидазиз Саидалиев Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а, в” бандларида назарда тутилган жиноятни (жуда кўп миқдорда ҳамда уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган товламачилик) содир этганликда айбдор деб топилган. Унга жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2024 йил 5 августдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталган қисмини қисман қўшган ҳолда узил-кесил 20 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Илҳом Сотволдиев ҳам Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а, в” бандлари билан айбли деб топилган. У жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2024 йил 5 августдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталган қисми қисман қўшилган ҳолда узил-кесил 5 йил 3 ойга озодликдан маҳрум қилинган.
Эслатиб этамиз, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2024 йил 5 августдаги ҳукми билан Саидазиз Саидалиев 20 йилга, Илҳом Сотволдиев 5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Мазкур суд ҳукми билан яна 22 киши турли муддатларга қамалган. Судланганлардан иккитасига ахлоқ тузатиш ишлари, учтасига озодликни чеклаш билан боғлиқ жазо тайинланганди. Бир киши эса содир этилган жиноятнинг жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетгани сабабли жазодан озод этилган эди.
Апелляция суди эса Саидазиз Саидалиев ва бошқаларга нисбатан биринчи инстанция суди ҳукмини ўз кучида қолдирди.
Мавзуга оид
17:44 / 27.11.2024
“Саидазиз медгородок” ишида ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди
12:00 / 12.10.2024
Сергелидаги портлаш: 4 нафар айбланувчининг ҳар бири 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди
13:02 / 21.08.2024
Суд «Озодлик»ка 100 млн сўм тўлаш ва «газ чайқовчиси» ҳақидаги суриштирув бўйича раддия эълон қилишни юклади
18:36 / 13.08.2024