Ўзбекистон | 15:21 / 11.12.2025
525
1 дақиқада ўқилади

Навоий ва Чирчиқда даромад декларацияси бўйича пилот лойиҳа йўлга қўйилади

2026 йил 1 мартдан бошлаб Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида рўйхатдан ўтган жисмоний шахслар учун жами йиллик даромадлари тўғрисида декларация тақдим этиш амалиёти тажриба-синов тариқасида йўлга қўйилади. Декларацияларни махсус электрон платформа орқали юбориш мумкин бўлади, лойиҳа доирасида қўшимча солиқ ҳисобланмайди ва санкциялар қўлланмайди.

Миллий солиқ маъмурияти маълумотларига кўра, фуқаролар йиллик даромад декларациясини махсус электрон платформа орқали тақдим этади. Платформа энг содда ва тушунарли интерфейсга эга бўлиб, фуқаро ва солиқ органлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни қулай ташкил этишга қаратилган.

Тизим харажатларни Soliq мобил иловаси орқали автоматик тарзда ҳисобга олиш имконини беради. Агар маълумотлар етарли бўлмаса, фуқаролар жараён устидан назоратни сақлаган ҳолда қўшимча маълумотларни қўлда киритишлари мумкин бўлади.

Тажриба-синов доирасида илк бор солиқ базаси фуқароларнинг даромад ва харажатлари ҳақидаги рақамли маълумотларга таянган ҳолда шакллантирилади. Лойиҳа фақат механизмни синовдан ўтказишга қаратилгани, бу босқичда қўшимча солиқлар ҳисобланмаслиги ва ҳеч қандай жазо чоралари қўлланмаслиги қайд этилган.

Шунингдек, 2026 йил 1 апрелга қадар ҳудудлар ва секторлар кесимида алоҳида кўрсаткичларни ўз ичига олган яширин иқтисодиётни ҳисоблашнинг янгиланган методологияси жорий этилиши режалаштирилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид