Вазирликнинг маълум қилишича, суюлтирилган газ баллонларини етказиб беришдаги кечикишлар, газ баллонларининг тўлдирилиши, истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва ходимларнинг муомала маданияти билан боғлиқ ҳолатларнинг ҳар бири ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилади.
Қайд этилишича, охирги ойларда республика ҳудудларида суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ юзага келган мавжуд муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Энергетика вазирлиги истеъмолчилардан юқоридаги каби масалалар юзасидан мурожаат ва таклифлари бўлса, республика бўйича ташкил қилинган штабларга мурожаат қилишини сўраган.
Расмий изоҳда муаммо кўлами ва сабаблари очиқланмаган, бирорта рақам келтирилмаган. Ваҳоланки, Kun.uz'даги маълумотларга кўра, Фарғона вилоятидаги 509 мингта хонадоннинг эҳтиёжини қоплаш учун (ҳар бирига 20 килодан) ойига ўртача 10,2 минг тонна суюлтирилган газ керак бўлади, аммо йил бошидан бери бирор марта ойига бунча пропан етказиб берилмаган.
Январ ойида 8,5 минг тонна бўлган кўрсаткич ойдан ойга пасайиб, май ойида 4 минг тоннага, июнда 4,9 минг тоннага тушиб қолган. Бу эса эҳтиёжнинг ярмини ҳам қопламайди.
Kun.uz'нинг YouTube саҳифасида мазкур видеорепортаж остида қолдирилган изоҳлардан кўринишича, суюлтирилган газ таъминотидаги муаммо фақат Қува ёки Фарғона вилояти билан чекланмас экан. Қуйида кузатувчилар қолдирган изоҳларни келтириб ўтамиз:
Шуҳрат Шойимов:
Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Шўртан шаҳарчасида жойлашган Шўртан газ-кимё заводидан бор-йўғи 20 км узоқликда яшайман. Суюлтирилган газ бизга ҳам 3 ой деганда келди...















