Янгиқўрғон тумани Бирлашган қишлоғида яшовчи 39 ёшли Муножот Тўрабоева оилавий шифокор пунктида қон кўпайтирувчи осма укол олаётган пайти вафот этди. Яқинлари у соғлом, тетик бўлганини айтмоқда. Тиббиёт ходимларига кўра, марҳума унга ўтган йили берилган препаратни олиб келган, дорининг яроқлилик муддати ўтмаган. Ўлимга экспертиза аниқлик киритиши кутиляпти. Kun.uz воқеа тафсилотларини ўрганди.

Бахтсиз ҳодиса 28 март куни Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Ғовазон оилавий шифокорлик пунктида бўлган.

Марҳум Муножот Тўрабоева кунлик ишларда меҳнат қилган. Давлат томонидан бепул бериладиган қон кўпайтирувчи препаратларни олиб келган. Бундай препаратлардан навбатдагиси унга ўтган йили сентябр ойида, кейинроқ эса жорий йил 4 март куни берилган.

Тиббиёт ходимларига кўра, Тўрабоевага ўтган йили сентябрда “Ферлек”, жорий йил март ойида эса “Неофер” номли қон кўпайтирувчи препаратлар берилган. У вафотидан 3-4 кун олдин уч кунлик “Неофер” курсини якунлаган. Лекин 28 март куни яна пунктга келиб, танасида оғриқлар борлигидан шикоят қилган ва сентябрда берилган “Ферлек”дан бир дона қолиб кетгани, уни уйида сақлаб келгани, жорий курснинг давоми сифатида ана шу бир донани ҳам ишлатиб юборишни сўраган.

Врач назоратида олинг, бизга мумкин эмас, деб айтдим. Лекин “йўлкира қилиб бориб-келишга пулим йўқ” деганидан кейин, раҳмим келганидан улаб қўйдим. Улашдан олдин “Ферлек”нинг яроқлилик муддатини кўрдим – 2026 йил октябргача. Натрий хлорники 2027 йилгача.

Олдин ҳам қон кўпайтирувчи дорини бошқа жойда олганида, сал мазаси қочган экан. Биз биринчи ёрдам учун ҳеч нарса қилолмадик, бунинг учун зарур ҳеч нарсамиз йўқ”, – деди марҳумга укол улаган ҳамшира Гулбаҳор Эргашева.

Оилавий шифокор Худойберди Алижоновга кўра, оилавий шифокор пунктларида доим ҳам врач бўлавермайди – кадрлар етишмовчилиги бор. Унинг ўзи ўша пайтда Ғовазон маҳалла тиббиёт пунктида (маҳалланинг асосий тиббий маскани) бўлган, ҳамшираларнинг чақирувига асосан чеккароқ жойда жойлашган оилавий шифокор пунктига етиб борганида аёл вафот этган бўлган.