Ўзбекистон шаҳарларида 1 ноябрдан бошлаб иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув тарифлари кўтарилиши мумкин. Хусусан, Тошкент шаҳрида тарифларни 30 фоизга ошириш таклиф этиляпти. Бу ҳақдаги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган.
Пойтахт Тошкентда иссиқлик тарифлари охирги йилларда бир неча бор сезиларли ошди ва расмийлар таннархни қоплаш учун келгуси йилларда ҳам тарифлар ўсишини истисно қилмаяпти. Шундай экан, марказлашган тармоққа уланган истеъмолчилар тармоқдан ихтиёрий равишда воз кечиб, хонадон ичида иссиқлик ва иссиқ сувни нисбатан камроқ харажат эвазига таъминлаб берувчи икки контурли индивидуал газ қозонларидан фойдаланишга ўтиши мумкинми?
Kun.uz мухбирининг бу саволига 15 октябр кунги матбуот анжуманида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева “йўқ” деб жавоб берди.
“Марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминланган кўп квартирали уйларни марказлашган иссиқлик тизимидан узиш тақиқланади. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 5 июлдаги 194-сонли қарори 88-бандига мувофиқ, уй ичи иситиш қувурларини ўзбошимчалик билан ўзгартириш, демонтаж қилиш қатъиян тақиқланади.
Ҳозир кўряпмиз, аҳолимиз иситишда муаммолар бор деб чиқяпти, лекин хонадонларни уйма-уй кириб кўрганимизда марказлашган иссиқлик тизимига қувурларни ноқонуний улаб олиш ҳолатлари: иссиқ пол қилиб ўзгартириш, хонадоннинг балконини ҳам иситиш тармоғи билан қамраб олиш ҳолатлари учраяпти. Бу – қўшниларга жуда катта таъсир қилади ва иситиш тизими бузилишига олиб келади”, – деди вазир ўринбосари.
Озода Жўраеванинг қўшимча қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 265-сон баёнига асосан, 2022 йил 1 декабрдан бошлаб янги қурилаётган кўп квартирали уйларни газ тармоғига улаш тўхтатиляпти. “Бундан кейин газни иқтисод қилиш мақсадида уйлар фақат электр таъминоти билан таъминланади”, деди у.
Қурилиш вазирлиги 2025 йил январида Kun.uz'га берган изоҳида бундан буён янги қуриладиган кўп қаватли уйларнинг барчаси ё ҳудудда мавжуд марказлашган қозонхонага уланиши, ёки алоҳида янги қозонхоналар қурилишини маълум қилганди.
















