Футбол оламида шов-шув: Абдуқодир Ҳусанов 40 млн фунтлик трансферда “Манчестер Сити”га ўтди. 7 йилга чўзилган қонун ниҳоят имзолашга тайёр: жарима баллари ашаддий қоидабузар ҳайдовчиларнинг танобини тортади. Уй-жой қурилишида янгиликлар: харидорларга кешбек берилади, янги квартираларда газ бўлмайди. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Бу амалга ошди

Ҳафтанинг бош қаҳрамони – Абдуқодир Ҳусанов. Бир неча ҳафталик музокаралар ва тайёргарликдан кейин, душанба куни “Манчестер Сити” 21 ёшли ўзбек йигити трансферини эълон қилиши билан, миллионлаб ватандошларимизнинг том маънода бошини кўкка етказди. Сабаби, Ҳусанов 4 йилдан бери Англияда чемпионликни бермай келаётган гранд клуб сафига шунчаки ёш ва умидли истеъдод эгаларидан бири сифатида эмас, асосий таркибда ўйнаши аниқ бўлган топ юлдуз сифатида қўшилди.

Премьер-лигадаги илк ўзбек учун “Сити” Франциянинг “Ланс” клубига 40 млн евро тўлайди. Бонуслар билан бу миқдор 50 млн еврогача етиши мумкин. “Шаҳарликлар” Ҳусанов учун “Реал Мадрид” ва яна ўндан ортиқ бошқа клублар билан рақобатлашишига тўғри келди. Манаман деган гигантларнинг Ҳусановни талашгани бежиз эмас: у ҳозир дунёдаги энг яхши ҳимоячилардан бири. Статистикага кўра, Абдуқодир тўпни олиб қўйиш бўйича Европада тенгсиз, яккакурашларда устун келиш бўйича энг яхшилардан. Шунингдек, у жуда тез югуради, ўйинни яхши ўқийди. Ўзини ҳам, рақибини ҳам аямай тўпга ташланади, лекин қоидани бузмаган ҳолда подкатларда самарали ҳаракат қилади.

Миллий жамоамиз аъзоси “Сити” билан 2029 йилгача шартнома тузди. Маоши йилига тахминан 3,5 млн евро бўлади. Илк машғулотлардан кейин мураббийи Хосеп Гвардиола унинг жисмоний кўрсаткичларини мақтади, шу билан бирга, тезроқ инглиз тилини ўрганиши кераклигини айтди